– Ва алайкум ассалом! Шариатда шумланиш йўқ. Валлоҳу аълам!
وَذُكِرَتِ الطِّيَرَةُ عِنْدَ النَّبِيِّ فَقَالَ: أَحْسَنُهَا الْفَأْلُ وَلَا تَرُدُّ مُسْلِمًا، فَإِذَا رَأَى أَحَدُكُمْ مَا يَكْرَهُ فَلْيَقُلِ: اللَّهُمَّ لَا يَأْتِي بِالْحَسَنَاتِ إِلَّا أَنْتَ، وَلَا يَدْفَعُ السَّيِّئَاتِ إِلَّا أَنْتَ، وَلَا حَوْلَ وَلَا قُوَّةَ إِلَّا بِكَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ.
2637. «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида шумланиш зикр қилинди. Шунда у зот:
«Энг яхшиси – хайрли фол қилиш. У (шумланиш) мусулмонни қайтармас. Қачон бирортангиз ўзига ёқмаган нарсани кўрса, «Аллоҳумма, лаа яъти билҳасанаати иллаа анта ва лаа ядфаъус-саййиаати иллаа анта. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа бика», десин», дедилар».
Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилганлар.
Шарҳ: Дуонинг маъноси қуйидагича:
«Яхшиликларни Сендан ўзга келтирмас. Ёмонликларни Сендан ўзга даф қилмас. Сендан ўзгада куч ҳам йўқ, қувват ҳам йўқ».
Демак, мусулмон инсон ҳеч қачон бирор нарсадан шумланмаслиги лозим. Доимо ҳамма нарсани яхши фолга йўйишга ҳаракат қилиши керак. Мабодо бирор нарсадан шумланиб қолса ҳам, ўша шумланиш мусулмонни у нарсадан қайтармаслиги лозим. Аллоҳ таолога таваккул қилиб, ушбу ривоятдаги дуони ўқиб, ўзи шумланган ишни қилавериш керак.
2638- عَنْ عَبْدِ اللهِ ، عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: الطِّيَرَةُ شِرْكٌ الطِّيَرَةُ شِرْكٌ ثَلَاثًا، وَمَا مِنَّا إِلَّا وَلَكِنَّ اللهَ يُذْهِبُهُ بِالتَّوَكُّلِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَصَحَّحَهُ.
2638. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта:
«Шумланиш ширкдир. Шумланиш ширкдир, – деб туриб, – биздан ҳар кимда бор. Лекин Аллоҳ уни таваккул ила кетказур», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар. Термизий саҳиҳ, деган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уч марта «Шумланиш ширкдир», дейишларининг ўзи бу нарса қанчалик ёмон нарса эканлигини кўрсатиб турибди. Чунки шумланиш ақийдага бевосита зарба берадиган нарсадир. Мусулмон одам «Дунёдаги каттаю кичик ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг иродаси ила бўлади», деган қатъий эътиқодда бўлиши лозим. «Олдимдан қора мушук ўтгани учун ишим юришмай қолди», «Уйимнинг олдида қарға қағиллагани учун фалон бўлди», дейиш мусулмон одамга тўғри келмайди.
Айниқса, бемор одамнинг «Фалон нарса бўлди, энди тузалмасам керак», «Тушимда пистон нарсани кўрдим, энди ўлиб қолсам керак» каби хаёлларни қилиши мутлақо нотўғри.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларининг давомида «Биздан ҳар кимда бор», деганлари «Бизнинг ҳар биримизда шумланиш бор», деганларидир. Яъни ҳар кимнинг хаёлига шумланиш келиши мумкин.
«Лекин Аллоҳ уни таваккул ила кетказур».
Шунинг учун мусулмон одам хаёлига шумланиш келиши билан дарҳол Аллоҳ таолога таваккул қилиши ва олдинги ривоятда келган дуони ўқиб, яхши ният ила режалаштирган ишини бошлайвериши лозим.