Ассалому алайкум! Турмуш ўртоғим телефонда беҳаё аёллар билан гаплашиб хиёнат қилганларини билиб қолдим. Орадан 2 кун ўтиб, яна бошқа қиз билан севишиб ёзишаётганини билдим. Эрим билан гаплашдик, кечирим сўраб бошқа ундай қилмасликка ваъда бердилар. Лекин мен ўзимга кела олмаябман. Биламан, бу синовларнинг ортида бир ҳикмат бор. Ҳаёлим паришон, истиғфор айтаману ҳаёлим хиёнатда, намоз ўқиётганимда ҳам эримнинг хиёнати, бошқа бир аёлга севги изҳор қилгани эсимга тушиб йиғлаб юбораман. Болаларимга ҳам эътибор бермай қўйдим. Фикримни жамлолмаябман. Эрим "кулиб юр" дейди, лекин истамайман. Эримнинг хиёнат қилишига сабаб беҳаё, ман қилинган фаҳш киноларни, расмларни жуда кўп кўрадилар. Эримдан нафратланиб кетаман, мени эркалаб, яхши гапирганларида ҳам ишонмайман, умуман уни кўришни ҳам истамайман. Бу ҳолатимдан қандай чиқиб кетсам бўлади. Илтимос, маслаҳат беринг!
– Ва алайкум ассалом! Баъзи эркаклар шу каби ишларни қиладилар. Бу уларнинг тарбияси шундайлиги, табиати шуни талаб қилганлиги сабабидандир. Ўзингиз учун бир йўлни танлаб олишингиз мумкин. Турмуш ўртоғингизни кечириб ўз устингизда ишлаб, у нима учун бундай ишларни қилаётганини тагига етиб, унинг психологиясини ўрганиш ёки болалар учун шунчаки сиқилиб яшаб юриш ёки ажрашиш. Лекин инсон ажралишга энг охирги ўринда қараши керак. Умуман йўл йўқ бўлганида, ажрашилмаса инсон ўзига ўта кучли зулм қилаётганини ҳис этганида ўйлаб кўриши мумкин бўлган амал. Шунда ҳам шаръий илми бор бўлган бирон инсон билан маслаҳатлашиб, психолог билан кўришиб сўнг бу ишни қилса бўлади. Бу йўл энг онсон, лекин умуман орқага қайтиш йўқ бўлган йўлдир. Болаларнинг келажакда “бизни етим қилдингиз” деган танбеҳларига сабр қила олишга кўзингиз етиши керак. Менинг фикримча бу ҳолатда аёл киши психолог билан кўришиб бу хиёнатларнинг асл сабабини яхшилаб ўрганиб ўзининг дунёқарашини ўзгартириши орқали оиласини сақлаб қолиши, ўзини бахтлик қилиш йўлларини излагани маъқул. Валлоҳу аълам!