– Ва алайкум ассалом! Жумлани тўғри бўладиган ердан қайта ўқиб кетилади. Валлоҳу аълам!
Вақф
«Вақф» луғатда «тўхташ» деган маънони англатади. Истилоҳда эса «қироат асносида нафас олиш учун бирор калимада нутқни кесишдир».
Вақфнинг қисмлари
Вақф бир неча қисмга бўлинади:
1. Изтирорий вақф.
Мажбурликдан тўхташ. Масалан, нафас етмай қолиши, йўтал, унутиш, йиғи ёки шунга ўхшаш тасодифий ҳолатлар сабабидан тўхтаб қолиш. Бундай ҳолатларда қайси калимада тўхталса ҳам узрли ҳисобланади, чунки бунда киши ихтиёрли эмас. Лекин янги нафасда қироатни тўғри жойдан бошлаб ўқиб кетиш лозим.
2. Ихтиборий вақф.
Бу вақф имтиҳонда, муаллим ўқувчига мақтуъ, мавсул[1] каби қоидаларни баён қилиб бераётганда қўлланади. Вақфнинг бу тури таълим жараёнига хосдир. Бундай вақф қайси калимада бўлса ҳам жоиз, лекин кейин тўғри жойдан бошлаб ўқиш лозим бўлади.
3. Интизорий вақф.
Бу вақф ҳам таълимдагина қўлланади. Бир неча қироатни бир ўқишда жамлаб ўқиганда турли ўқиладиган калималарда тўхтаб-тўхтаб ўқиш. Бунда маъно тугал бўлиши шарт эмас. Бу вақф жоиз бўлиб, ундан фақат таълим беришда қўлланилади.
4. Ихтиёрий вақф.
Юқоридаги сабаблардан холи ҳолда ўз ихтиёри билан тўхташ. Биз ўрганмоқчи бўлган вақф мана шудир. Умуман, вақф деганда асосан мана шу вақф назарда тутилади. Ихтиёрий вақф беш турга бўлинади.
[1] Мақтуъ ва мавсул ҳақида қаранг: 151-бет.
Муфассал тажвид" китобидан"