Ассалому алайкум! Мен 33 ёшдаман. Турмуш қурганимга 8 йил бўлди. 2 нафар ўғлим бор. Каттаси шу йил мактабга боради. Шу йиллар давомида турмуш ўртоғим спиртли ичимликлар истъемол қилиб келадилар. Ҳунари бор, новвой. Лекин "бу иш зерикарли", деб қилмайди. Мени ҳам ҳеч қаерда ишлашимга рухсат бермайди. Мавсумий ишларда ишлайди. Ишлаган пулининг ярмини ичкиликка сарфлаб, ярмини рўзғорга деб беради. Қари касалманд онасидан, рўзғорга ишлатиладиган пулдан турли баҳона қилиб пул олишга ҳаракат қилади. Кундан кунга спиртли ичимликларга муккасидан кетяпди. Доимий сархуш. Эр хотин муносабатларида менга ёмон, ақлга сиғмас ишларни қилади. Шу қилиқлари билан ҳаммани ўзидан бездирди. Ҳозирда мен ва болаларим отамнинг уйидамиз, қайтишга юрагим бетламайди. Юрак ҳовучлаб яшашдан чарчадим. Бу биринчи марта уни ташлаб кетишим эмас. Уришганимиз 1 ҳафта, 10 кунда эсимдан чиқиб, болаларимни уйлаб қайтиб борардим.
– Ва алайкум ассалом! Мўмина аёл бундай инсон билан яшаши жуда катта мусибат. “Эндиликда орқага қайтиш йўқ агар наркологик диспансерга бормасангиз” деб қатъий талаб қилиб туриб олинг. Сиз ўзингизнинг хулқингиз, феъл-атворингизни кўрсатишингиз керак. Қайтиб бораверсангиз обрўингиз қолмайди. Болаларингиз ўзингизни қурбон қилиб бундай инсон билан яшаб юрганингиз учун катта бўлишгач сизга раҳмат айтишармикин? Аксинча бундай отани кўриб, ундан тарбия олиб уларнинг ҳам тарбияси бузилиши, каттароқ бўлишгач дардингиз кўпайишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун чуқур мулоҳазалар қилишингиз керак. Валлоҳу аълам!