Ассалому алайкум! Аллоҳ кунимизни хайрли қилсин. Минг хижолат билан бир савол йўлламоқдаман. Гап шундаки, мен бир йигит билан танишиб қолдим. Илк суҳбатимизданоқ мен унинг тақводор эканлигини билиб, хурсанд бўлдим. Ҳар доим суҳбатларимизда ўзининг хулқи билан мени ҳайрон қолдирарди. Биз у билан ижтимоий тармоқлардан бирида суҳбатлашамиз. Бу нотўғри эмасми? Никоҳсиз йигит ва қизнинг суҳбатларига динимизда муносабат қандай? У йигит менга намозни канда қилмай ўқишни, Аллоҳни доим эслашни ўргатди. Ҳар гал суҳбатимиз давомида унга бўлган ҳурматим ҳам ортиб борди. Унга оила қуриш таклифини айтишим мумкинми? Умуман, қиз бола йигит кишига оила қуриш таклифини билдириши жоизми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Номаҳрам йигит ва қизнинг суҳбатлашиши тўғри эмас, тақводан ҳам эмас. Лекин турмуш таклифи қиз тарафдан чиқиши жоиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпгина аёллар ўз нафсларини ҳадя этганлар. Умму Шарийк, Хавла бинт Ҳаким, Лайло бинт Хатим розияллоҳу анҳолар шулар жумласидандир. Лекин Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг биронтасига уйланмаганлар. Шу билан бирга, бу ишни нотўғри санамаганлар ҳам. Лекин бу таклиф қиз боланинг ўзидан бевосита бўлмагани маъқул. Қизнинг оила бошларидан бўлиши шарафлироқдир, албатта. Хадижа онамиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга совчи қўйганлар ва турмуш қуришга рағбатларини билдирганлар. Аммо бу бошқа кишилар воситасида амалга оширилган. Шунингдек, Маймуна онамиз ҳам. Исломий оила қуриб, ҳалол, пок муносабатда бўлиш истаги айб эмас. Аммо бунга етишгунча ҳар ишни ўз эгаси амалга ошириши лозим. Валлоҳу аълам