Ассалому алайкум! Мени 3 нафар фарзандим бор, Аллоҳга шукр, 2 ўғил, 1 қиз. Фарзандларимни келажакда ўқимишли ва ҳаётда ўз йўлини топишини жуда хоҳлайман. Катта ўғлим 11 ёшда кичиги 10 ёшда ўзаро кўп уришади. Бир иш буюрсам укам иш қилмаябти, деб иш қилгиси келмайди. Кичик ўғлим бўлса синглисини кўп йиғлатади. Дарс қилгиси келмайди. Қўшиимча дарсларга ҳам бир икки бориб кейин бормайман деб туриб олади. Катта бўлганингда қайси касбни эгалламоқчисан, десак, билмайман, деб жавоб беради. Ҳеч нимага қизиқиши йўқ ўғилларимнинг. Иш буюрсам, баҳона қилиб қочади. Хуллас уларга бир иш қилдириш жуда қийин, бақириб, уришиб берсамгина иш қилишади. Жудаям маслаҳатингиз керак олдиндан, раҳмат. Аллоҳ сизлардан рози бўлсин.
– Ва алайкум ассалом! Фарзандларингизнинг бундай характерга эга бўлиши оиладаги муҳитнинг тинч-осойишта эмаслигидан далолат беради. Бу вазиятни тузатиш учун ўзингизни ислоҳ қилишингиз керак бўлади. Оила аъзоларингиз, қайинбўйнингиз, жигарларингиз ва албатта, фарзандларингизга чиройли муомалада бўлишни бошланг. Ёдингизда бўлсин бола характери асосан уйдаги миҳитда шаклланади. Халқимизда шундай мақол бор: "Қонни қон билан эмас, сув билан ювилади".
Сиз ҳаммага юмшоқ муомалада бўлинг. Фарзандларингиз катта бўлиб қолибди. Юзига урманг, юзи қаттиқ бўлиб, бемеҳр бўлиб қолади. Бошини, елка, орқаларини силаб уни яхши кўришингизни вақти келганда айтиб туринг. Овқатланаётганда ота-онадан сўнг аввал катта фарзанд кейин ундан кейингиси қўл узатишни, бирор озроқ егулик бўлса, албатта, тенг бўлиб ейишни, бир-бирига илинишни ўргатинг. Уйдаги ишларни баровар амалга оширсангиз муаммо чиқмайди, ёки ҳар бирининг ёшга мос ишларни ўзилари бажаришларини юклаб қўйинг. Тансиқ овқат қилганингизда қайнота-қайнона, ота-онангизга олиб бориб беришини фарзандингиз орқали амалга оширинг. Қариндошлар, маҳалладаги ибратли оила кишилар орқали насиҳат қилишни одатланинг. Айрум ўқувчиларда бирор касбни танлаш 9-10 -синф даврида ҳам бўлади. Ҳамма бола барча фанлардан аълочи бўлиши шарт эмас. Бирор яхши кўриб қолган ҳунарни ҳам эгаллаши мумкин.Сизнинг вазифангиз фарзандларингизга ҳалол-харомни тўғри ажрата олиш ҳамда савоб-гуноҳлар ҳақида маълумот беришингиз лозим бўлади. Сиз ҳозир намозларингизда, айниқса, таҳажжуд намозларингизда Аллоҳдан фарзандларингизнинг Аллоҳ рози бўладиган амаллар қилувчи инсонлар бўлиши учун дуода бўлинг. Иншааллоҳ ҳаммаси яхшси бўлади!