Сеҳр ва иссиқ- совуқнинг шифоси

21:03 / 13.04.2017 | Савол | 1746
Ассалому алайкум! Мен икки фарзанднинг онасиман. Бир неча ой мобайнида ўзимни бироз ғалати ҳис қилдим. Юрагим санчиб, бошим тез-тез оғриб, толиқадиган, қайсар, йиғлаб-сиқилиб кетадиган, жуда тез шамоллайдиган бўлиб қолдим. Ўзим ёрдамга муҳтож оилалар билан ишлайман. Уларнинг муаммолари билан ишлаб, бироз толиқдим, деб ўйладим. Сўнг бир дугонам: «Бир домла бор, ўқитсанг, яхши бўлади», деди. Борсам, «Уч кун келинг, мушук ва кучук юнгини куйдириб, сизни иссиқ-совуқ қилиб, йўлларингизни ёпиб ташлашган», деб айтди. Қуръон сураларидан ўқиб, дам солди. Лекин билсам, у аввал милиционер бўлган экан, аждодида ўқийдиганлар бўлгани учун ўқимаса, оғирлашиб қолар экан. Қўллари билан баданимни силкигач, шубҳа қилиб қолдим. Эртаси куни таксида ишхонадаги қизлар билан кетаётганимда, ёши улуғ бир одам: «Кечирасиз, қизим, эскичага ишонасизми?» деди. У ҳам иссиқ-совуқ қилинганимни, қандайдир мушук ҳақида гапирди ва оёқ кийимимга нарса солинганини айтиб, эснаб, ғалати овозлар чиқара бошлади, сўнг: «Занги отага зиёратга бор, домлага ўқит», деди. Бордим, зиёрат қилиб, дам солдирдим. Мен ўзим уйда кўпинча Ёсин, Мулк, Фалақ, Нос сураларини ўқиб, ўзимга дам солардим. Ҳалиги киракаш: «Лекин иссиқ-совуқни йўқ қилишга бунинг кучи етмайди», деди. Гуноҳ қилган бўлсам, Аллоҳ Ўзи кечирсин. Ўзим ёлғиз фарзандман, 5 йил олдин онамдан айрилганман. Маслаҳат, ёрдам сўрайдиган яқинларим йўқ. Олдиндан раҳмат
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Дуо қилиб шифо сўранг, ўзингизга дам солинг. Иссиқ-совуқ учун эмас, шифо учун шариатга мувофиқ дам соладиганлар ҳам бор, ўшаларга дам солдирсангиз бўлади. Ҳамманинг ҳам гапига ишониб, айтганларини қилаверманг. Кўпроқ истиғфор айтинг. Имкон қадар доим таҳоратда юринг. Валлоҳу аълам