Ассалому алайкум! Қайнонам қайнотамни ерга уриб, жеркиб ташлайдилар. Қизига ҳам ёмонлаб ўтирадилар. Лекин қайнотамнинг ҳеч кимга зарарлари йўқ, қандли диабет касаллари бўлгани учун кўп дам оладилар. Қайнонам эса "ётаверади, ишламайди, фойдаси тегмайди", деб қизига гапириб ўтирадилар. Гоҳида менга ҳам жуда ҳақоратли сўзлар билан қайнотамни ёмонлайдилар. Шу ҳолатда мен нима қилишим керак? Бу ишлари нотўғри эканлигини, гуноҳлигини айтишим керакми ёки индамасдан ҳаммасига жим кўникишим керакми?
– Ва алайкум ассалом! Сиз оилада келин бўлганингиз учун бундай гапларни гапиришингиз қайнонангизга нисбатан ҳурматсизликдек туюлади. Кейин сизни душман билади. Йўқ жойдан ўзингизга муаммоларни кўпайтириб олишингиз мумкин. Чунки у ёшдагиларнинг тарбияси бутунлай бошқача. Бу ёшдагилар шаръан менга билган нарсасини ўргатаяптику, мусулмон мусулмонга ойнаку деб ўтирмайди. Келиним ёмон чиқди дейди қўяди. Шунинг учун бу гапларни турмуш ўртоғингиз онасига гапирса бўлади. Турмуш ўртоғингиз ҳам гапира олмаса шунчаки қайнотангизга яхши муомалани сиз қилинг, унинг дуосини олинг. Бу икки дунёингиз учун яхшидир. Валлоҳу аълам!