Ассалому алайкум! Аллоҳнинг раҳмати бўлсин. Аллоҳ учун кечириш, Аллоҳ учун нимадандир тийилиш ёки воз кечиш, Аллоҳ йўлида эҳсон қилиш. Булардан ташқари Аллоҳ учун дўстлашиш тушунчаси мен учун тушунарсиз бўляпти. Аллоҳ учун дўстлашиш билан оддий дўстликнинг фарқи нимада? Қандай шаклларда намоён бўлади? Имкон бўлса Аллоҳ учун дўстлашган кишиларнинг амалларидан мисол келтириб беринг, илтимос. Саволимга қўшиб ўзим ҳақимда айтиб ўтмоқчиман. Оилавий шароитим туфайли атрофимда танишларим кам, дўстим йўқ. Турмуш ўртоғим оиладан ташқари холатда ким биландир яқин бўлишимни хохламайдилар. "Сенинг дўстинг ҳам яқининг ҳам менман, ота-оналаримиз. Атрофдан дўст қидиришингни кераги йўқ" дейдилар. Кўп холатларда бундан ҳурсанд ҳам бўламан. Баъзан аёллигим сабаб бундан норози кайфиятга ҳам тушиб қоламан. Лекун бу норозилигим тезда тарқийди. Шунинг учун ҳам менга дўстлик тушунчаси мавҳум. Ёки аёл киши учун Аллоҳ йўлида дўстлашиш қандай бўларкин деб ўйлаяпман.
– Ва алайкум ассалом! Инсоният тарихида турли халқлар, қабила-уруғлар ва миллатларни Исломчалик улфат қилган – бирлаштирган тузум ёки мафкура бўлмаган. Кишилар қалбида Ислом муносиб ўрин олган жойларда ва замонларда миллатчилик, маҳаллийчилик ва тарафкашликнинг салбий кўринишлари тамоман йўқолган, чунки Ислом биродарлиги ирқ, насаб, тил, қабила, қавм асосида эмас, Аллоҳга муҳаббат ва тақво асосида бўлади.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t: أَنَّ رَسُولَ اللهِ r قَالَ: «إِنَّ الْمُؤْمِنَ يَأْلَفُ وَلَا خَيْرَ فِيمَنْ لَا يَأْلَفُ وَلَا يُؤْلَفُ». رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ وَالْحَاكِمُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин улфат бўлувчи ва улфат учун танланувчидир. Улфат бўлмаган ва улфат учун танланмаган кимсада яхшилик йўқ», дедилар».
Табароний ва Ҳоким ривоят қилишган.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: «زَارَ رَجُلٌ أَخًا لَهُ فِي قَرْيَةٍ أُخْرَى، فَأَرْصَدَ اللهُ لَهُ عَلَى مَدْرَجَتِهِ مَلَكًا، فَلَمَّا أَتَى عَلَيْهِ قَالَ: أَيْنَ تُرِيدُ؟ قَالَ: أُرِيدُ أَخًا لِي فِي هَذِهِ الْقَرْيَةِ، قَالَ: هَلْ لَكَ عَلَيْهِ مِنْ نِعْمَةٍ تَرُبُّهَا؟ قَالَ: لَا، غَيْرَ أَنِّي أَحْبَبْتُهُ فِي اللهِ عَزَّ وَجَلَّ، قَالَ: فَإِنِّي رَسُولُ اللهِ إِلَيْكَ بِأَنَّ اللهَ قَدْ أَحَبَّكَ كَمَا أَحْبَبْتَهُ فِيهِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
«Бир киши ўзининг бошқа қишлоқдаги биродарини зиёрат қилди. Аллоҳ унинг йўлига кутиб турадиган фариштани қўйди. Унинг олдига келган пайтда:
«Қаёққа бормоқчисан?» деди.
«Ушбу қишлоқдаги биродаримга бормоқчиман», деди.
«Унда сен кўзлаган неъмат борми?» деди.
«Йўқ. Фақат мен унга Аллоҳ азза ва жалла учун муҳаббат қилганман», деди.
«Мен сенга Аллоҳнинг элчисиман. Сен уни яхши кўрганингдек, Аллоҳ сени яхши кўрди», деди».
Муслим ривоят қилган.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: «إِنَّ اللهَ تَعَالَى يَقُولُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ: أَيْنَ الْمُتَحَابُّونَ بِجَلَالِي؟ الْيَوْمَ أُظِلُّهُمْ فِي ظِلِّي يَوْمَ لَا ظِلَّ إِلَّا ظِلِّي». رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ. وَلَفْظُهُ: «قَالَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ: الْمُتَحَابُّونَ فِي جَلَالِي، لَهُمْ مَنَابِرُ مِنْ نُورٍ، يَغْبِطُهُمُ النَّبِيُّونَ وَالشُّهَدَاءُ».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
«Аллоҳ таоло қиёмат куни: «Менинг жалолим учун бир-бирларини яхши кўрганлар қани? Бугунги кунда, Ўзимнинг соямдан ўзга соя бўлмаган кунда Мен уларни Ўз соямга оламан», дейди».
Муслим ва Термизий ривоят қилишган. Термизийнинг лафзида:
«Менинг жалолим учун бир-бирларини яхши кўрганларга нурдан минбарлар бордир. Набийлар ва шаҳидлар уларга ҳавас қилурлар», дейилган.
عَنْ عُمَرَ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: «إِنَّ مِنْ عِبَادِ اللهِ لَأُنَاسًا مَا هُمْ بِأَنْبِيَاءَ وَلَا شُهَدَاءَ، يَغْبِطُهُمُ الْأَنْبِيَاءُ وَالشُّهَدَاءُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِمَكَانِهِمْ مِنَ اللهِ تَعَالَى»، قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، تُخْبِرُنَا مَنْ هُمْ؟ قَالَ: «هُمْ قَوْمٌ تَحَابُّوا بِرُوحِ اللهِ عَلَى غَيْرِ أَرْحَامٍ بَيْنَهُمْ وَلَا أَمْوَالٍ يَتَعَاطَوْنَهَا، فَوَاللهِ إِنَّ وُجُوهَهُمْ لَنُورٌ، وَإِنَّهُمْ لَعَلَى نُورٍ، لَا يَخَافُونَ إِذَا خَافَ النَّاسُ، وَلَا يَحْزَنُونَ إِذَا حَزِنَ النَّاسُ، أَلَا إِنَّ أَوْلِيَاءَ اللهِ لَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳнинг бандаларидан баъзи одамлар борки, улар набий ҳам, шаҳид ҳам эмаслар. Қиёмат куни набийлар ва шаҳидлар уларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги маконларига ҳавас қиладилар», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Бизга улар кимлар эканининг хабарини айтасизми?» дейишди.
«Улар ўзлари қариндош бўлмасалар ҳам, ораларида молиявий олди-бердилари бўлмаса ҳам, Аллоҳнинг руҳи учун бир-бирларини яхши кўрган қавмлардир.
Аллоҳга қасамки, уларнинг юзлари нурдир. Улар нурдадирлар. Одамлар хавфда бўлганларида улар хавфда бўлмаслар. Одамлар маҳзун бўлганларида улар маҳзун бўлмаслар.
Огоҳ бўлинг. Аллоҳнинг авлиёларига хавф бўлмас ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Ўзлари қариндош бўлмасалар ҳам, ораларида молиявий олди-бердилари бўлмаса ҳам, Аллоҳнинг руҳи ила муҳаббат қилишган қавмлар Аллоҳ таолонинг Қуръонига амал қилган одамлардир. Ана шундай одамлар ушбу ҳадиси шарифда зикр этилган улуғ мақомга эришар экан.
عَنْ أَنَسٍ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: «ثَلَاثٌ مَنْ كُنَّ فِيهِ وَجَدَ بِهِنَّ حَلَاوَةَ الْإِيمَانِ: أَنْ يَكُونَ اللهُ وَرَسُولُهُ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِمَّا سِوَاهُمَا، وَأَنْ يُحِبَّ الْمَرْءَ لَا يُحِبُّهُ إِلَّا لِلَّهِ تَعَالَى، وَأَنْ يَكْرَهَ أَنْ يَعُودَ فِي الْكُفْرِ كَمَا يَكْرَهُ أَنْ يُقْذَفَ فِي النَّارِ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч нарса борки, улар кимда бўлса, иймон ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлишлари, бир кишига фақат Аллоҳ учунгина муҳаббат қилиши ва куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши», дедилар».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Мўмин-мусулмонлар орасидаги муҳаббат Аллоҳ учун бўлгандагина, улар комил иймон ҳаловатини топадилар. Бу муҳаббат икки томоннинг Аллоҳга бўлган муҳаббатидан келиб чиққан муборак муҳаббатдир. Чунки уларни биродар қилган, дўстлаштирган зот Аллоҳ таолонинг Ўзидир.
(“Зикр аҳлидан сўранг” китобидан)
Валлоҳу аълам!