Ҳасандан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Холиқнинг маъсиятида махлуққа итоат йўқ» – дедилар”.
Ибн Абу Шайба ривоят қилган.
Яъни, бандани рози қиламан, деб, Аллоҳ таолони норози қиладиган нарсани қилиб бўлмайди.
Ҳомилани у туғилишидан олдин олдириб ташлаш бировнинг жонига суиқасд қилишдир. Агар олиб ташланмаса, у ҳам тўлақонли инсон бўлар эди. Шунинг учун, ҳомилани олдириб ташлашга шариатда рухсат йўқ. Одатда, бола кўпайса боқа олмай қийналаман, болани тарбиялаш оғир, у билан машғул бўлиб ўйин-кулгидан қоламан каби баҳоналар ила фарзанд кўришдан қочилади. Бу ҳам гуноҳ ҳисобланади. Аллоҳ таоло: «Очликдан қўрқиб, болаларингизни ўлдирманг. Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз», деган. Бошқа бир оятда яна: «Болаларингизни фақирликдан қўрқиб ўлдирманг. Биз уларни ҳам, сизларни ҳам ризқлантирамиз. Албатта, уларни ўлдириш катта хатодир», дейилган. Валлоҳу аълам!.