– Ва алайкум ассалом!
Ўтган одамнинг қазо намозларини бошқаси у учун ўқиши жоиз эмас. Чунки намоз ҳам рўза ҳам шахсий амал. Уни ҳар шахс ўзи бажариши керак. Аммо ўтган одамнинг қазо намозларига фидя чиқариш мумкин.
Кимга намоз фарз бўлса-ю уни вақтида адо этмаса, қазосини ўқиши лозим бўлади. У намозни қасддан тарк қилиш ила гуноҳкор бўлади, аммо қазосини ўқиш лозимдир.
عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: «مَنْ نَسِيَ صَلَاةً فَلْيُصَلِّ إِذَا ذَكَرَهَا، لَا كَفَّارَةَ لَهَا إِلَّا ذَلِكَ وَأَقِمِ الصَّلَاةَ لِذِكْرِي. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَلِمُسْلِمٍ: إِذَا رَقَدَ أَحَدُكُمْ عَنِ الصَّلَاةِ أَوْ غَفَلَ عَنْهَا فَلْيُصَلِّهَا إِذَا ذَكَرَهَا، فَإِنَّ اللهَ يَقُولُ: وَأَقِمِ الصَّلَاةَ لِذِكْرِي
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким намозни унутса, бас, уни эслаган заҳоти ўқиб олсин. Унинг бундан бошқа каффороти йўқдир», дедилар». «...Мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт».
Бешовлари ривоят қилишган. Муслимнинг ривоятида:
«Агар бирортангиз намоздан ухлаб ёки ғофил қолса, бас, уни эслаган заҳоти ўқиб олсин. Чунки Аллоҳ: «...Мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт», деган», дейилган.
Унутган ва ухлаб қолган одам намознинг қазосини ўқиши лозим бўлганидан кейин, қасддан қолдирган одамга уни қазо қилиш, албатта, лозиму лобуд бўлади. Ҳайз ёки нифос кўрган аёлдан намоз соқит бўлади. У қазосини ўқимайди. Шунингдеқ асли кофир ёки жинни бўлган одам ҳам намознинг қазосини ўқимайди. Беш вақт намоз вақтидан кўпроқ муддат ҳушидан кетиб ётган одам ҳам қазосини ўқимайди. Муртад яна Исломга қайтса, муртадлик вақтидаги намозни қазо қилмайди. Ҳаётлик вақтида имо билан ҳам намоз ўқишдан ожиз бўлган одам каффорот беришни васият қилиши лозим эмас. Шунингдеқ сафар ёки хасталик туфайли рўза тута олмаган одам тузалмасдан ёки сафардан қайтмасдан ўлиб қолса ҳам, фидя беришни васият қилиши шарт эмас. Аммо мазкур васиятни қилиш мустаҳабдир. Ким узрсиз, ҳатто имо билан ўқишга қодир бўла туриб, олти намоздан зиёдни қолдирган бўлса, каффорот беришни васият қилиши лозимдир. Рамазонда узрсиз рўза тутмаган одам ҳам шунга ўхшашдир. Уларнинг фидяси ва каффороти қолдирган меросининг учдан биридан берилади. Ўлганнинг валийси фидяни ўз ҳисобидан берса бўлади. Фидя ва каффоротнинг миқдори бир кунлик намоз учун ярим соъ буғдой (1087,5 гр) ёки унинг қиймати. Бир кунлик рўза учун ҳам шунча бўлади. Киши ўзи ҳаётлик чоғида ўқимаган намозининг каффоротини тўлаши мумкин эмас. Аммо рўзаникини, унинг қазосини бажаришга кўзи етмаса, беради. Меросхўрлар ўлган шахснинг қазо намозларини ўқиб қўйиши мумкин эмас. Чунки намоз шахсий баданий ибодатдир. (“Кифоя” китобидан)
Валлоҳу аълам!