Келинликка тайёргарлик

01:15 / 28.09.2020 | Shahnoza | 716

Ассалому алайкум! Мен яқинда унаштирилдим. Ёшим 23 да. Университетда 2 босқичдаман. Куёв томон декабрда тўй бўлишини айтишмоқда. Аммо мен ҳали ўқишимда бирор натижага эришмаганман, араб тилини ҳам билмайман. Тўйдан аввал Қуръон хатм қилишни ўрганаман деб ният қилгандим. Пишир-куйдирга ҳам нўноқман. Ўзимни келинликка маънан тайёр эмасман деб ҳисоблайман. Тўй менга ҳурсандчилик эмас, бир дунё муаммодек кўринмоқда. Қайнота, қайнона хизматида ҳам хатога йўл қўйиб, ҳаётим жанжалли бўлади деб қўрқмоқдаман. Менга йўл кўрсатинг, илтимос!

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! . Сиз Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўгитларига биноан яхшилик гумонида бўлишингиз керак. Қиз бола ҳеч ҳам турмуш қуришга тайёр бўлмайди. Қанча юрса юраверади. Яхшилик ниятида турмуш қуриб, қолганини ўша оилада ўрганаверасиз. Ўрганишнинг эрта кечи йўқ. Ҳар қанча ишни ўргансангиз ҳам барибир ўша оиланинг измига тушишингиз учун яна бошқатдан кўп нарсаларни ўрганиб чиқишингиз керак. Энг кераклиги оилада оила аъзоларингиз билан муносабат қуришингиз, уларга самимий меҳр бера олишингиз керак. Қуръон ўқиш, илм ўрганиш, намоз ўқиш бу ибодатлар бутун умр қилинадиган вазифаларимиздир. Турмуш қуриб болалари билан хатм қилаётганлар сони қанча. Жанжални кутсангиз, албатта жанжални топасиз, офиятни кутсангиз, офиятни топасиз. Офиятлик ҳаёт сўраб дуода бўлинг. Валлоҳу аълам!