Куёвнинг уйини тўлдириш

20:02 / 08.10.2020 | Shahnoza | 1321
Ассалому алайкум! Мен яқинда унаштирилдим. Куёв бўлмиш уйларига парда, гилам, кийим-кечак, идиш, ҳар хил рўзғорга керакли сеп-сидирға опкеласиз агар ота-онам айтса дедилар. Мен “келиннинг жамики сепи куёв зиммасида. Ота-онам албатта қизлари кетишида ҳадялар қиладилар, аммо мен уларга мени дунёга келтириб, катта қилиб, ўқишларга киритиб, камларимни тўлдиргани етмагандек, сепга уни оберинг, буни оберинг демайман. Мўмин кишига бу ярашмайди, яъни сизнинг сеп талаб қилишингиз. Қолаверса мен Аллоҳдан ҳар намозимда, дуоларимда ҳамиятли инсонни сўраганман, қайнотаси олиб берган нарсалар уйини безаб туришига рағбат билдирадиган инсон сўрамаганман” дедим. Ота онам нима деса шу дедилар. Нотўғри гапирсаям ўзининг шахсий фикри бўлсин экан одамни. Жудаям хафа бўлиб кетдим. Ўз шахсиятим олдида ҳам умр йўлдошимни виқорли, ҳамиятли кўришни истагандим. Мен қандай йўл тутишим, нима қилишим керак бундай вазиятда? Албатта у киши ҳам берган фойдали жавобингизни ўқийдилар, ибрат олишларини жудаям истаймам.
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Сиз ўзингиз керакли жавобни бериб бўлибсиз. Валлоҳу аълам!

Келиннинг сепи ва уй анжомлари

Барча фақиҳлар келин тушадиган уйни жиҳозлаш ва келиннинг сепи куёвнинг зиммасида эканига иттифоқ қилганлар. Эр келин тушадиган уйни икковлари яшашлари учун мувофиқ ва лойиқ равишда жиҳозлаши шарт. Ундаги кўрпа-тўшак, қозон-товоқ, гиламлар – барча нарсалар куёв томонидан олиб берилган келиннинг мулки ҳисобланади. Куёв улардан ўз мулки сифатида фойдаланишга ҳақли эмас.

– Ҳанафий мазҳабида уй жиҳозларини тайёрлаш худди аёлга нафақа ва кийим бериш каби эрга вожибдир.

– «Маҳр» деб берилган нарсанинг сепга ҳеч алоқаси йўқ. Чунки маҳр сеп ва жиҳоз сотиб олиш учун эмас, келиндан ҳузурланиш муқобилига бериладиган нарса.

Бир одам маҳрга минг динор берди. Одатда, бунчалик кўп маҳр олган келин кўп сеп билан келар эди. Аммо бу келин оз сеп билан келди. Шундай ҳолатда эр: «Сен кўп жиҳоз билан келишинг керак эди», дейишга ҳаққи йўқ.

– Келин ўзи билан олиб келган сепига ўзи эга ҳисобланади. Эрнинг у нарсаларда ҳаққи йўқ.

Агар келинга ота‑онаси сеп ва уй жиҳозлари тайёрлаб беришни истасалар, бу уларнинг муруввати ҳисобланади, мажбурияти эмас.

عَنْ عَلِيٍّ t قَالَ: جَهَّزَ رَسُولُ اللهِ r فَاطِمَةَ فِي خَمِيلٍ وَقِرْبَةٍ وَوِسَادَةٍ حَشْوُهَا إِذْخِرٌ .رَوَاهُ النَّسَائِيُّ. وَاللهُ أَعْلَى وَأَعْلَمُ.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотимага бир чийдухоба, бир меш ва ичига изхир солинган болишни жиҳоз (сеп) қилиб бердилар».

Насаий ривоят қилган.

Оламларнинг саййиди бўлмиш зот – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз жигаргўшалари, аҳли жаннат аёлларнинг саййидаси Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳога қилиб берган сеплари қанчалик камтарона, қанчалик содда.

Бу ҳолатни билгандан кейин бугунги кунга бир назар солайлик. Бошқаларни қўйиб туриб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга умматлик даъвосини қилаётганларга кўз ташлайлик.

Қиз бола туғилганидан бошлаб емай-ичмай, едирмай-ичирмай сеп тўплаб, бўлган-бўлмаган нарсани йиғиб, жамлаб юрадиганларга нима дейиш мумкин?

Сеп масаласини никоҳнинг асосий ва марказий масаласига айлантирувчиларга нима деймиз?

Келиннинг эпига эмас, сепига қарайдиган қудаларга нима деймиз?

Сеп туфайли келиб чиқаётган уриш-жанжалларга-чи?

Нима ҳам дер эдик. «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олинг, оталар!» – деймиз.

«Фотимаи Заҳродан ўрнак олинг, қизлар!» – деймиз.

«Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳудан ўрнак олинг, куёвлар!» – деймиз.

Сеп масаласида оилавий келишмовчиликлар кўп чиқишини кўзда тутиб, уламоларимиз бу масалани батафсил ёритиб берганлар.

Энди бу масалада бугун юз бераётган машмашаларга бир назар ташлайлик, инсоф билан мулоҳаза қилайлик.

Бугунги кунда бу масалада ишлар шариат кўрсатмаларига тамоман тескари. Келинга сеп тайёрлаш ҳамда ёш келин-куёвга аталган уйни (нечта хона бўлса ҳам) жиҳозлаш келин тарафга ҳам «фарз», ҳам «вожиб» қилинган. Агар келин тараф бу масалада бир оз бепарволик қилса, бу дунёда куёв тарафнинг лаънатига учрайди, бечора келин улар «тайёрлаб қўйган дўзах»ига тушади. Бунга ҳамма кўникиб ҳам қолган. Биров бу аянчли ҳолатга қарши бирор оғиз гапиришга ҳам журъат қила олмайди.

Имом домлаларимиздан бирларининг айтишларича, бир оилага келиннинг сепи ва тайёрланган жиҳозлари келтирилган. Қуда хола нарсаларни синчиклаб тафтиш қилган. Тафтиш натижасида бир чойшабнинг Тошкентда тайёрланганлиги, «импортний» эмаслиги аён бўлган. Қуда хола буни ўз оиласи ва ўғлининг шаънига «ор» деб билган ва қиз тарафга қарши аёвсиз уруш очган. «Мани болам Тошкентда тайёрланган чойшабда ётадиган бўлдими?!» – деб айюҳаннос солган. Бу жанжал авж олиб, икки тараф тўйни бекор қилиб, ажралиб кетганлар. Бундан воқиф бўлган имом домла минбардан туриб: «Хотини олиб келган чойшабда ётишни ўзига эп кўрган эркаклар орқамдан намоз ўқимасин!» деб ваъз қилишга мажбур бўлган.

Бунга нима дейиш мумкин?! Бу каби номаъқулчиликларни қаердан ўрганишди одамлар?! Наҳотки келин олаётган она уйни жиҳозлаш ўз оиласининг бурчи эканини тан олиш ўрнига, қуда тарафнинг бир чойшаби ўз ватанининг пойтахтида чиққанлигини айб қилиб, қудалар билан ажрашиб кетса?! Ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар боласига бахт келтира олмасмикан?! Ўзганики боласини бахтли қилиб қўярмикан?!

Инсоф қилиш керак! Ор-номусли бўлиш керак! Оиланинг обрўси келин келтирадиган чойшабда эмаслигини англайдиган бўлиш керак!

(“Бахтиёр оила” китобидан )