Риё

02:28 / 09.10.2020 | Dilsora | 1354
Ассалому алайкум! Мен бир иш ёки бир амал килётганимда, Аллоҳни ризолиги учун десам ҳам, хаёлимга риёга ўхшаган ҳар хил ёмон фикрлар, хаёллар келади, қалбим ғаш бўлиб кетади. Риё жуда катта гуноҳлигини биламиз, ҳадисда риёкор бой, риёкор олим, риёкор шаҳид биринчилардан бўлиб дўзахга тушишини ўқиганидим. Риёдан қанақа қилиб қутулса бўлади? Риёга қўл уриб қўймаслик учун, ихлосни кучайтириш учун ўқиладиган дуо ёки айтиб юрадиган зикр борми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

Риёнинг давоси

Аввалги сатрларда риёнинг ҳалокатли зарарлари ҳақида кўп нарсалар зикр қилинди. Энди ундан қутулиш йўллари ҳақида ҳам тўхталиб ўтайлик.

Риёнинг муолажаси икки турли бўлади.

Биринчиси – унинг асл томирларини қўпориб ташлаш.

Иккинчиси – содир бўлиб турган риёни даф қилиш.

Сўзни биринчисидан бошлайлик. Риёнинг асли обрў ва мартаба муҳаббатидир. Бу нарсанинг тафсилоти уч нарсага бориб тақалади.

1. Мақтов лаззати муҳаббати.

2. Танқид аламидан қочиш.

3. Одамлар қўлидаги нарсага тамагирлик қилиш.

Бунга имом Бухорий ва имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ларида келган бир ҳадис далилдир.

عَنْ أَبِي مُوسَى t قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ r فَقَالَ: الرَّجُلُ يُقَاتِلُ حَمِيَّةً، وَيُقَاتِلُ شَجَاعَةً، وَيُقَاتِلُ رِيَاءً، فَأَيُّ ذَلِكَ فِي سَبِيلِ اللهِ؟ قَالَ: «مَنْ قَاتَلَ لِتَكُونَ كَلِمَةُ اللهِ هِيَ الْعُلْيَا فَهُوَ فِي سَبِيلِ اللهِ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир одам келиб, Набий алайҳиссаломдан:

«Бир одам тарафкашлик учун урушади, ёки шижоати учун урушади, ёки риё учун урушади. Бунинг қайси бири Аллоҳ йўлида бўлади?» деди. У зоти бобаракот: «Ким Аллоҳнинг сўзи олий бўлиши учун урушга кирса, Аллоҳнинг йўлида урушган бўлади», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

«Тарафкашлик учун» дегани – танқиддан қўрқиб дегани.

«Шижоати учун» дегани зикр қилиниши ва мақталиши деганидир.

«Риё учун» дегани унинг кимлигини кўриб қўйишлари учун дегани. Мана шу обрў ва мартаба муҳаббати учун амал қилишдир.

Гоҳида инсон мақтовни истамаслиги мумкин. Аммо қораланишдан қўрқади. Бунга шижоатлилар ичига тушиб қолган қўрқоқ мисол бўлади. У қораланмаслик учун қочмай, собит туриши мумкин.

Шунингдек, илмсизликда айбланишидан қўрққан одам билмай туриб фатво бериб юбориши мумкин. Риёкорлик шу каби ҳолатларда ҳам содир бўлади.

Риёнинг асл томирларини қўпориб ташлашнинг йўли қандай бўлади?! Маълумки, инсон ўзи учун ҳозир ёки келажакда фойдали бўлган нарсаларга рағбат қилади. Агар у бир нарсанинг ҳозирда ҳузурбахш бўлса ҳам, кейин зарарли эканини билса, ундан рағбатини кесиши турган гап. Мисол учун, асалга заҳар қўшилганини билган одам ўйлаб ўтирмай, асалнинг лаззатидан воз кечади.

Риё ҳам худди шунга ўхшашдир. Агар инсон риёнинг бу дунё ва охиратдаги зарарларини англаб етса, уни тарк қилиши турган гап.

Инсон ўзига ўхшаган одамларнинг мақтови дея риё қилаётганида Роббининг мақтовидан маҳрум бўлишини ва азобига қолишини ўйласин.

Инсон ўзига ўхшаган одамларнинг қоралашидан қўрқиб риё қилаётганида Роббининг қораловидан ва азобидан қўрқсин.

Инсон ўзига ўхшаган одамларнинг қўлидаги нарсага тамагир бўлиб риёкорлик қилаётганида Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзигина ризқ берувчи Зот эканини ўйласин. Ундан ўзга ризқ берувчи йўқ.

Бандадан тамагир бўлган одам муродига етганда ҳам, хору зор бўлиши турган гап. Бас, шундай экан, қандай қилиб Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги нарсани қўйиб, бандадаги нарсага тамагир бўлади?!

Бу борадаги фойдали даволардан бири нафсни ибодатни махфий қилишга ўргатишдир. Зотан, риёнинг давоси учун амалларни махфий қилишдан афзал чора йўқ.

Бу ишни амалга ошириш аввалига жуда ҳам қийин бўлади. Аммо бир муддат қийналиб бўлса ҳам, сабр қилиб борса, кейин иш осонлашиб кетади, Аллоҳ таоло унга мадад беради. Бандадан ҳаракат, Аллоҳдан баракот.

Иккинчиси – содир бўлиб турган риёни даф қилиш.

Ибодат пайтида пайдо бўладиган риёни даф қилишни ҳам ўрганиш лозим. Шайтон ибодат пайтида бандани тек қўймайди. У лаънати риё хотираларини эсга солиб туради. Шунинг учун банда нафсига қарши жиҳод қилиб туриши керак. Қаноат ва ўзини одамлар назаридан тушириш ила қалбидаги риё ўсадиган жойларни қўпориб ташламоғи лозим. Одамларнинг мақтовига ҳам, қораловига ҳам эътибор бермасин. «Одамлар билди нима-ю, билмади нима, Аллоҳ таолонинг Ўзи билса бўлди», десин.

Мақтов офатига рағбати қўзиб қолса, нафсига риё офатини ва Аллоҳ таолонинг ғазабига учрашини эслатсин.

(“Руҳий тарбия” китобидан)

 Валлоҳу аълам!