– Ва алайкум ассалом!
«КАССА» ЎЙНАШ ЖОИЗМИ?
Роббимиз Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
Набиййимиз Муҳаммад Мустафога дуруду саломларимиз бўлсин!
Ҳар замонда ўртага ташлаб туриладиган, кўпчилик тез-тез сўраб турадиган саволлардан бири маълум мақсадларда «касса ўйнаш» ‒ пул йиғишдир. Устозларимиз бу масалада илгари ҳам жавоб беришган. Ҳозир ҳам аҳли илмларимиз, имом-домлаларимиз ёзма, овозли ва видеолавҳалар орқали бу мавзудаги жавоблар бериб келишяпти. Аммо бу масаланинг тафсилотлари кўп бўлгани, саволлар ҳар хил мақсадда, ҳар хил шаклда берилгани учун жавобларда баъзан бироз фарқлар учраб қолса, тушунмовчиликлар пайдо бўляпти. Шунинг учун, бу масалага оид савол-жавобларни умумлаштириб, унга оид бошқа маълумотларни, жумаладан, турли ўлкалардаги фатво ҳайъатларининг қарашларини ҳам тўплаб, шу ҳақда кичикроқ бир мақола қилишни маъқул топдик. Умид қиламизки, бу ҳам кўпчиликка фойдали бўлса керак.
Аввало динимиздаги молиявий муносабатларнинг айрим асосларини эслаб ўтсак. Ислом шариатида ибодатлардан фарқли равишда, молиявий муомалар учун кўп қоида кўрсатилмаган, чунки ортиқча чекловлар иқтисоднинг ривожига тўчиқ бўлади. Шу боис, шариат негиз қоидаларни, пойдевор тушунчаларни баён қилиб, барча муносабатларни ўшалар асосида олиб боришни талаб қилган. Ана шундай асослардан бири қуйидагича:
Кишига биров томонидан келадиган молиявий кирим фақат икки йўл билангина ҳалол бўлади:
1. Эваз ҳисобига берилса. Яъни пул, нарса, хизмат ёки нимадир тақдим этиб, эвазига бировдан моддий кирим қилиш. Бунда ўзаро розилик бўлиши ва низонинг хатари бўлмаслиги керак. Шариатда эваз бўлишга яроқсиз саналган бадаллар билан қўлга киритилган мулк ҳалол бўлмайди.
2. Чин кўнгилдан берилган бўлса. Ҳадя, совға, садақа, хайр‑эҳсон каби кўнгиллик равишда тортиқ қилинган нарса ҳам ҳалол ҳисобланади. Мажбурликдан, чорасизликдан берилган эвазссиз мол ҳалол эмас. Шу боис, пора, рибо ва қароқчилик орқали топилган пул ҳалол бўлмайди. Шариатда мажбурий ҳисобланган садақалардаги мажбурият шариат жиҳатидан бўлгани учун бу ерда назарда тутилган мажбурлашга кирмайди.
Ислом шариатида молиявий муносабатлардаги асос тушунчалардан иккитаси қуйдилардир:
1. Бировнинг ҳаққи ҳаром. Олди-бердида ёки бошқа турдаги молиявий муносабатларда бировнинг ҳаққи бошқа одамга ўтиб қолиши мумкин эмас.
2. Олди-бердида мусулмон билан мусулмоннинг ораси бузилиб, низо ва норозилик келиб чиқиши мумкин эмас. Молиявий муносабатлар тўлиқ шаффоф, очиқ бўлиши, ҳар бир томон ўзининг фойда-зарарини аниқ билиши керак, токи ҳеч кейин оз ёки камроқ олибман деб, даъво қилмасин.
Эътибор берилса, ушбу икки қоида ва тушунча ҳалолликнинг асоси ҳисобланади. Ислом уммати ўн тўрт аср давомида ушбу асосларга риоя қилиб келган ва шунинг учун уларнинг топгани ҳам, луқмаси ҳам, сарфлагани ҳам ҳалол бўлиб, баракат топганлар, жамият аҳил-иноқ, ўзаро розилик билан яшаганлар. Одамларда бировнинг ҳаққи деган тушунча бўлса, бировни норози қилиб қўйишдан қўрқишса, жамиятда ўғрилик, порахўрлик, қаллоблик, ёлғон, хиёнат каби иллатлар деярли бўлмаган. Шу боис, мусулмон савдогарларнинг ҳалоллиги, омонатдорлиги тилларда достон бўлган, саховат, қаноат каби фазилатлар умуминсоний қадриятларга айланган ва уларнинг бу хислатлари ғайримуслим халқларнинг Исломга киришига сабаб бўлган.
Шундан келиб чиқиб, халқимизнинг ана шундай диний, миллий қадриятларини, ўзаро ёрдам, ҳамжиҳатлик каби хислатларини тиклаш ниятида, ўзаро олди-бердиларига оид баъзи шаръий қоидаларни баён қилиб беришга жазм қилдик.
Халқ тилида «касса» ўйнаш» деб аталиб кетган бу амал қадимги фиқҳий китобларда «жумалик» деб аталган экан, чунки юртимиз мусулмонлари авваллари ҳам кўпинча жума кунлари тўпланиб, пул тўплаб, ундан навбат билан фойдаланишган эканлар.
Қалюбий «Ҳошия»да айтади:
«Жумъа» ‒ аёллар ўртасида машҳур иш бўлиб, бир жамоа аёллардан бири ҳар жума ёки ҳар ойда муайян миқдорда пул олади-да, кейин уларга бирма-бир охиригача бериб чиқади. Валий Ироқий айтганидек, бу жоиздир» (2-мужаллад, 258-с).
Бу борада дунёдаги бошқа фатво ҳайъатлари тарафидан ҳам фатволар берилган. Уларда ҳам маълум шартлар асосида бу ишнинг жоизлиги таъкидланган. Бу фатволардан маълум бўладки, бу каби пул йиғиш бошқа мусулмон мамлакатларда ҳам бор экан.
Умуман олганда, «касса» ўйнаш бизда бир нечта кўринишда бўлади:
Ойлик ёки ҳафталик йиғилишларда зиёфат харажатларини кўтариш учун пул йиғиш. Бунда кўпинча навбати келган киши меҳмондорчиликка қийналмасин деб, дастурхон харажатларини қоплаш учун бироз ортиғи билан пул йиғилади. Бунда ҳар гал учун маълум миқдор белгиланади. Масалан, киши бошига 2 кг гўштнинг пули ёки 10-20 доллардан деб, қиймат белгиланади ва ҳоказо. Бундай «касса» ўйнаш жоиз эмас. Бунинг бир қанча сабаблари бор.
Бундай «касса»да асосий эътибор дастурхон харажатини кўтаришга қаратилган бўлади. Зиёфатни ҳар сафар бир хил ташкил этишнинг эса мутлақо иложи йўқ. Чунки кимдир зиёфатга ош, кимдир димлама қилса, кимдир чанқоқбосдига шарбат, кимдир айрон тортади. Шунингдек, мева-чевалар ҳам мавсумга қараб ҳар хил ва табиийки, турли нархда бўлади. Натижада зиёфат кимгадир арзон, кимгадир қиммат тушади. Бу бир тарафдан қарз сифатида берилган пулни зиёда қилиб олиш (ёки бунинг акси – кўпроқ бериб, камроқ олиш) бўлса, иккинчи тарафдан ҳар хиллик сабабли кимнингдир кўнглида норозилик пайдо бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда «Майли, қариндош, қадрдон одамлармиз, ошиқ-камига розимиз», деган гап ўтмайди, чунки бу ерда қийматнинг зиёдалиги ва кўнгил иши бор. Иккиси ҳам назоратдан ташқаридаги ҳодиса ҳисобланади.
Шу боис, бундай пул йиғиш дуруст эмас. Унинг ўрнига мезбонлар бор ҳолича, имконига қараб зиёфат бериш керак ёки ҳар сафар қилинган харажатни халфана қилиб, ўртада тенг тақсимлаш керак. Халфанада ҳар галги харажат зиёфатнинг кўламига қараб белгилангани учун ҳамма тенг пул сарфлайди. Аммо иштирокчилар бунда ҳам ошиқ-камига рози бўлиши шарт, чунки одатда ҳамма бир хил еб-ичмайди. Халфанада қарз бериш ҳолати бўлмагани учун ўзаро розилик шарти бажарилса, бу амал жоиз бўлади.
Турли маросимлар учун йиғиладиган «касса». Баъзи мусулмон халқларда аза муносабати билан шундай пул йиғиш одатлари бор. Бизда эса бундай пул йиғиш одатда тўй қилиш учун уюштирилади ва одамлар уни «тўй касса» деб ҳам аташади. Бунда, масалан, қариндошлар ёки улфатлар жамоаси ичларида ким тўй қилса, ўшанга бериладиган тўёна сифатида маълум миқдорда пул йиғиш ёки бирор жиҳоз олиб беришга келишишади. Айрим кишилар бунда белгиланадиган пул миқдорини гўшт, доллар каби истеъмол молларига боғлиқ қилиб қўйишади. Ҳар сафар ким тўй қилса, белгиланган пулни унга тўёна қилиб беришади.
Бундай «касса» ўзаро кўмаклашиш мазмунига эга бўлиб, иштирокчилар ихтиёрий равишда қўшилган бўлса, жоиз. Аллоҳ таоло Моида сурасида: «Эзгулик ва тақвода ўзаро кўмаклашинглар!» деган (3-оят). Бу каби ёрдамлашиш ҳашар ўрнида бўлиб, шариатда нафақат жоиз, балки тарғиб қилинган ишлардандир. Биргина шарт ‒ бундай пул йиғишда иштирок этиш ихтиёрий бўлиши керак. «Саҳиҳи Бухорий»да ворид бўлган қуйидаги ҳадиси шариф айнан шу каби молиявий кўмаклашув ҳақида келган.
عَنْ أَبِي مُوسَى قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ : «إِنَّ الْأَشْعَرِيِّينَ إِذَا أَرْمَلُوا فِي الْغَزْوِ، أَوْ قَلَّ طَعَامُ عِيَالِهِمْ بِالْمَدِينَةِ جَمَعُوا مَا كَانَ عِنْدَهُمْ فِي ثَوْبٍ وَاحِدٍ، ثُمَّ اقْتَسَمُوهُ بَيْنَهُمْ فِي إِنَاءٍ وَاحِدٍ بِالسَّوِيَّةِ، فَهُمْ مِنِّي وَأَنَا مِنْهُمْ».
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ашъарийлар ғазотда озиқ-овқат танқислигига учрашса ёки Мадинада оилаларининг егулиги озайиб қолса, ўзларидаги бор нарсаларини бир матога тўплаб, кейин уни ўртада бир идишда баб-баробар тақсимлашади. Улар мендан, мен уларданман».
Демак, мана шу шаклда, ихтиёрий равишда пул йиғилса, иложи бўлса, доимийлик маъносида муайян миқдорни белгиламасдан, ҳар гал бор шароитга қараб, маълум бир гуруҳ кишилар ўзларидан бирор кишига пул йиғиб, ёрдам бериб боришса, жоиз бўлади. Бу ихтиёрий суғуртага ўхшаш амал ҳисобланади. Бунда ушбу жамоага аъзо бўлмаган одамга ёрдам беришни тақиқлаб қўйиш ҳам жоиз. Лекин бир сафар пул берган одамдан энди ҳар сафар қатнашишни талаб қилиш жоиз эмас, чунки бу ҳолда иштирок мажбурий бўлиб қолади. Ҳар сафарги пул йиғишда хоҳлаган одам пул бериб, хоҳламаган одам бермаса, уни маломат қилмаслик керак.
Молиявий ёрдам мазмунидаги бундай «касса» мажбурий бўлса, қарзга айланиб қолади, бу эса жоиз эмас. Чунки бунда тенгликка риоя қилишнинг иложи йўқ. Биринчидан, ҳамма бир хилда тўй қилмайди. Биров тўртта, биров бешта, биров икки марта тўй қилиши мумкин, чунки ҳар оилада фарзандлар сони ҳар хил. Қолаверса, ҳамма ҳам тўйда меҳмонларни бир хилда кутиб, таомлантириб, меҳмон қила олмайди. Натижада одамларнинг кўнгли кимнингдир тўйидан рози, бошқасидан норози бўлиб қолиши мумкин.
Аслида тўёна чин кўнгилдан қилинадиган молиявий ёрдам бўлиши керак, уни ҳар ким чин кўнгилдан, оғринмасдан, беғараз бериши керак. Уни қарз сифатида бериш рибога ёки кимнингдир норозилигига олиб келади. Бу эса шариатда жоиз эмас. Шу боис, бундан ҳазир бўлиш керак.
Холис пул «касса». Бунда маълум жамоа ўзаро кўмаклашиш ва пул жамғариш мақсадида ҳеч қандай зиёфатга ва маросимга боғламаган ҳолда ўзаро пул йиғиб, тўпланган пулни навбат билан олишади. Бизда мавжуд бўлган «касса» қилиб пул йиғишнинг фақат мана шу туригина жоиз. Чунки бунда олдинги «касса» турларидаги каби рибо ва норозиликка олиб борадиган ҳолатлар йўқ.
Ушбу пул йиғими жоиз бўлиши учун бир қанча шартларга ривоя қилиш керак:
1. Йиғиладиган маблағ кескин қадрсизланмайдиган пул ёки қиймат бирлигида бўлиши ёки тилла (пробаси ҳам аниқлаштирилиши керак) ёхуд шу каби қийматини сақлаб тура оладиган ашёларга қараб ҳисобланган миқдорда йиғилиши керак. Чунки қийматини сақлаб тура олмайдиган пул бирлиги ўзаро низо ва норозиликка сабаб бўлиши мумкин. Юқорида айтилганидек, шариатда низоларга, норозиликка олиб борадиган молиявий муомалалар жоиз эмас. Аммо ўта оз миқдордаги, бошқача қилиб айтганда, иқтисодиётда “меъёрий чўкиш” деб қабул қилинган миқдордаги қадрсизланишнинг зарари йўқ. Чунки бу ҳол ўзаро низо ва норозиликка олиб бормайди. Қолаверса, бу ҳолатда қийматнинг сал кўп ёки кам бўлиши фулусга ‒ чақага тенг бўлиб, қадимда фиқҳий китобларда “чақадаги зиёдалик рибога ўтмайди”, дейилган.
Ушбу қоидадан келиб чиқиб, бугунги кунда минтақамиздаги давлатларга оид пул бирликларида «касса» ўйнамаган маъқул, чунки бу пулларнинг қийматсизлашуви (инфляцияси) меъёрдан ортиқ экани ҳаммамизга маълум.
2. Маълум пул бирлигини олиш ёки йиғиладиган пул миқдорини бирор ашёга қараб белгилаш шарти биринчи келишувда, биринчи даврада ҳал қилиниши керак бўлиб, бу шартни кейинги навбат тугагунича ўзгартириб бўлмайди. Масалан, «касса»ни дастлаб сўмда бошлаб, кейин қандайдир сабаб туфайли фикр ўзгариб, бошқа пул бирлигига ўтказиш ёки нимагадир қараб ҳисоблаб қўйиш дуруст эмас. Бир давра тугагандан кейингина янги «касса»ни исталган пул бирлиги ёки миқдорда белгилаб олиш мумкин.
3. Бугунгидек иқтисодий бўҳронлар пайтида «касса» навбатининг бир айланмаси бир йил, бир ярим йилдан ортмаслиги тавсия этилади. Чунки бундан ортиқ муддатда пулнинг қадрсизланиши ёки қимматлашуви меъёрдан ортиб кетиши мумкин.
4. Ушбу пул йиғимига ҳар ким ўз ихтиёри билан қўшилган бўлиши шарт, ҳеч кимни мажбурлаш мумкин эмас.
5. «Касса»ни олиш навбати ўзаро келишув асосида бошидан тайин қилиниши ёки қуръа асосида белгиланиши керак. Акс ҳолда низо ва норозилик келиб чиқиши мумкин.
6. Бу келишувга жамоанинг ҳар бир аъзоси имкони қадар тўлиқ амал қилиши керак, чунки йиғинга рози бўлиш ҳам ваъда ҳисобланади, унга хилоф қилиш эса мунофиқликнинг аломатларидан бўлиб қолади. Мўмин киши эса имконияти борича ваъдага вафо қилиши вожибдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Эй иймон келтирганлар, битимларга вафо қилинглар», деган (Моида сураси, 1-оят).
Аммо фавқулодда ҳолатларда, кишининг ўз ихтиёрига боғлиқ бўлмаган вазиятларда ваъдага вафо қила олмаслик маъзур тутилади.
7. Даврага пул берган одам фавқулодда зарурат туфайли берган пулларини қайтариб олиши керак бўлиб бўлса, навбат олган кишилар унинг улушини қайтариб беришлари керак, чунки бундай келишув, юқорида айтилганидек, қарз олди-бердиси ҳисобланади. Қарз берган киши эса бир одамга кўнгилли равишда яхшилик қилаётган бўлади. Шунинг учун у берган пулини ҳар қачон сўрашга ва қайтариб олишга ҳақли ҳисобланади. Аммо бу ишни заруратсиз қилиш ваъдага хилоф қилиш бўлгани учун қаттиқ қораланади.
8. Тавсия сифатида шуни ҳам айтиш мумкинки, пул йиғими иштирокчилари улфат бўлсалар, ўзаро гап-гаштак асосида йиғилиб турадиган бўлсалар, йиғин холис бўлиши учун уни зиёфат бераётган кишига тайин қилмасликлари, балки пул учун алоҳида навбат ташкил қилишлари ёки қуръа ташлашлари керак. Шунда ўртада пайдо бўлиши мумкин бўлган шубҳа бартараф этилади.
Бундай пул йиғиш шакллари ҳам аслида қарз бериш орқали қандайдир манфаат олишдир. Масалан, гўё бир киши «мен сенга қарз бераман, сен ҳам менга олти ойдан кейин қарз берасан», дегандек гап. Бунда қарз бериш ортидан манфаат олиш бор. Шу эътибордан айрим аҳли илмлар бу ишни ножоиз ҳисоблашган. Аммо чуқурроқ таҳлил қилинса, бу ерда манфаат пул кўринишида бўлиб, аниқлаштирилган эмас. Шу билан бирга, бу ерда ваъдалашув бор, холос. Бироқ, фавқулодда ҳолатлар сабабли кимдир бу ваъдага вафо қила олмай қолиши ҳам мумкин. Қолаверса, бу ерда манфаат икки томонлама бўлиб, фақат бир томонга қаратилган эмас ва пул кўринишида ҳам эмас. Шу билан бирга, сўнгги пайтларда йўқчилик ёки қаноатсизлик туфайли баъзи одамлар уй жиҳозлари ва бошқа зарурий ашёларни сотиб олишда ҳам очиқдан-очиқ рибога ўтиб кетяпти. Ана шундай шароитда бу каби ўртада пул йиғиб, «касса» ўйнаш ўша гуноҳ ишнинг ўрнига бадал бўлиб хизмат қилиши ҳам мумкин. Шунинг учун юқоридаги шартларга амал қилган ҳолда ушбу кўринишдаги пул йиғиш шаръан жоиз ҳисобланади.
Шуни айтиш лозимки, устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу масала юзасидан қарашлари ҳам ушбу мақоладаги фикрларга ҳамоҳанг бўлган. У зот ҳам, бошқа бир қатор аҳли илмлар ҳам «касса» ўйнашни ножоиз деган бўлишса, асосан юқоридаги аввалги икки хил «касса»ни назарда тутишган. Учинчи турдаги «касса»га келганда эса маълум бир манфаат борлиги учун унинг жоизлиги хусусида дастлаб бироз тараддудланишган. Аммо изланишлар ва маслаҳатлар натижасида уларнинг ҳам хулосалари ушбу сатрлардаги маъноларга тўхтаган.
Бу турдаги пул йиғимининг жоизлиги ҳақида замонавий фатволардан қуйидагиларни келтириш мумкин:
‒ Саудиядаги Катта уламолар уюшмаси 1410.02.16/1989.09.16 ‒ 1410.02.26/1989.09.26 кунлари Тоифда ўтказилган 34-йиғилишда ушбу мавзуда махсус фатво эълон қилган бўлиб, унда кўпчилик олимларнинг хулосаларига таянган ҳолда бундай шаклда пул йиғиш жоиз деб айтилган.
‒ Урдун уламолари фатво ҳайъатининг 1431.08.21/2012.08.02 санада эълон қилинган фатвосида ушбу пул йиғини «Менга қарз бер, мен ҳам сенга қарз бераман», деган келишув шаклидан эмас деб таъкидланиб, жоиз дейилган.
Замонавий манбаларда шу маънодаги бошқа фатво ва хулосаларни ҳам топиш мумкин. Биз айрим аҳли илмлар орқали Девбанд муфтийси Нўъмон Қосимий соҳибдан ҳам юқорида биз келтирган қайдларнинг айримлари асосида бундай пул йиғиш жоиз деган маънодаги оғзаки фатволарни олдик.
Валлоҳу аълам.
Аллоҳ таоло барчаларимизга Ўз шариатига мувофиқ ҳаёт кечириш бахтини насиб айласин!
09.06.2020/1441.10.17
Мақолани Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид тайёрлади ва уни қуйида исми келтирилган аҳли илмлар тасдиқладилар (исмлар алифбо тартибида берилди):
1. Абдул Азим Зиёуддин
2. Абдуманнон Абдуллоҳ
3. Аброр Мухтор Алий
4. Ботир Алий Тожибойев
5. Илёсбек Раҳимбек ўғли
6. Исмоил Муҳаммад Содиқ
7. Нодирбек Носир
8. Маҳмуд Усмон
9. Мубашшир Аҳмад
10. Муҳаммад Аюбхон Ҳомид
11. Муҳаммад (Отахон) Маҳмуд
12. Муҳаммад Одил Ҳамид
13. Муҳиддин Мансур Сайфуллоҳ
14. Сайфуллоҳ Носир
15. Ҳамидуллоҳ Беруний
Валлоҳу аълам!