Ит ҳидласа

01:15 / 16.10.2020 | Гузалхон | 651
Ассалому алайкум! Ит озиқ-овқатни ҳидлаб қўйса, бу овкатни еса бўладими? Қопда ун олиб келишкан эдикан, 1-2 кун ун кўчада қолиб кетди. У пайтда ит ҳам уйимизда бор эди, (қопни усти очиқ ёки ёпиқлиги хаёлимдан кўтарилибди) ҳидлаб қўйган эҳтимоли борлиги учун у унни ҳеч нимага ишлата олмаяпмиз. Бу тўғрими ё ишлатсак бўладими?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлардан бирортангизнинг идишини ит яласа, ундаги нарсани тўкиб юборсин. Сўнгра у (идиш)ни етти марта ювсин», дедилар».

Бошқа бир ривоятда «У (ювиш)лардан биринчиси ёки у(ювиш)лардан биттаси тупроқ билан бўлсин», яна бошқа ривоятда «Еттинчиси тупроқ билан бўлсин», дейилган.

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ит ялаши оқибатида ҳосил бўлган нажосатни кетказиш йўлини ўргатмоқдалар.

«Сизлардан бирортангизнинг идишини ит яласа, ундаги нарсани тўкиб юборсин».

Яъни, ит ялаган пайтда идишда нима бўлган бўлса, тўкиб юборсин. Ит ялаши оқибатида ўша нарса нажасга айланиб қолади. Шунинг учун идишнинг эгаси у нарсани тўкиб юбориши шарт.

«Сўнгра у(идиш)ни етти марта ювсин».

Бошқа ҳайвонлардан кўра итнинг нажосати оғирроқ бўлганлиги учун у теккан идишни етти марта ювмаса, кетмайди. Шу билан бирга, ўша етти ювишдан бири тупроқ билан бўлиши шарт: унинг биринчиси, еттинчиси ёки хоҳлаган бирортаси эканлиги ҳақида турли ривоятлар келган. Энг муҳими, етти марта ювишдан бири тупроқ билан бўлиши керак. Тупроқсиз тоза бўлмайди.

Бу ҳадис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари эканлигини илм ҳам тасдиқлади. Ит ифлос ҳайвон бўлиб, доимо турли нажас нарсаларни тановул қилиб юради. Шунинг учун унинг оғзи ва сўлаги турли зарарли микробларга тўла бўлади. Бу ҳадисдан хабар топган чет эллик олимлар идишни атай итга ялатиб, уни катталаштириб кўрсатувчи асбоб (микроскоп) остига қўядилар. Қарасалар, идишда микроблар ғужғон ўйнаётган экан. Сўнгра ўша микроб­ларни йўқотиш учун турли кимёвий моддаларни ишлатиб кўрганлар. Лекин бу фойда бермаган. Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, тупроқ ишлатганларидан сўнг ҳеч қандай микроб қолмаганининг шоҳиди бўлганлар. Ушбу тажриба ўша олимларнинг иймонга келишлари билан якун топган.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Итнинг нажас эканлиги.

2. Ит ялаган идишнинг ҳам нажас бўлиб қолиши. Бунда ўргатилганми, ўргатилмаганми, фарқи йўқ, ит бўлса кифоя.

3. Нажасга айланган идишни поклаш лозимлиги.

4. Ит ялаган идишни етти марта ювиш, шулардан бир мартаси тупроқ билан бўлиши шартлиги.

5. Баъзи уламолар «Ит нажас бўлганлиги туфайли бошқа нажас нарсалар каби, уни ҳам сотиш ҳаром», деганлар.

(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан )

 Валлоҳу аълам!