Ассалому алайкум! Ҳурматли Мадина опа! Бизнинг саволларимизга вақт ажратиб, самимий ечим ва маслаҳатларингизни бераётганингиз учун ташаккур! Мадина опа, нима сабабдан эр-хотин орасида зиддият, келишмовчилик ёки хафагарчилик бўлса, аёл киши ҳам ички ҳам ташқи тарафдан эзилади, хафа бўлади ва бу албатта юзида, юриш туришида билиниб туради, эркакларда эса ундай эмас?
– Ва алайкум ассалом! Саволингиз жуда ўринли. Аёллар эмоционал инсондирлар. Яъни, ҳар нарсага эмоционал реакция қилаверадилар. Эркаклар эмоционал реакция қилавермайдилар. Улар турли оғир вазиятларга совуқ ақл ила ёндашиш ҳислатига эга. Аёллар бир зумда йиғлаб юборади ва бир зумда кулиб юборади. Ҳар нарсага онсон ишонаверади. Зиддиятлардан аёл кишининг тезда хафа бўлишига, эзилишига, маҳзун бўлишига асосий сабаб шундаки, бу ишлар унинг ўзига бўлган баҳосини ("самооценкасини") тушириб юборади. Мисол учун, аёл кишининг турмуш ўртоғи бошқа аёлларга қизиқиб қолса ёки иккинчи хотинни никоҳимга оламан деса, бу аёлнинг ўзига берган баҳоси ("самооценкаси") дарров тушиб кетади. У узоқ йиллар ўзига кела олмайди. На ўзига ва на фарзандларига эътибор қила олмайди. Фикру ҳаёли шу вазиятга кетиб қолади. Бундай ишни аёл киши ҳақиқий хиёнат деб қабул қилади ва кучли ҳиссиётлар гирдобига кириб кетади. Эркак киши табиатан қилган амаллари кўп ҳолатларда тўғри бўлади. Масалан аксарият ҳолатларда у хафа бўлса ҳам ўзини ичига ютиб, сиқилиб юрмайди. Қорни очса овқатланаверади. Кийими кир бўлса алмаштиради ва ҳаказо. Аёл киши турмуш ўртоғи билан урушиб қолса, сиқилса дунё кўзига қоронғу бўлади. То турмуш ўртоғи билан келишиб олмагунича бутунлай ҳамма нарсалардан ўзини маҳрум қилади. Бундай ҳолатлар такрорланавергач, организмида гармонал ўзгаришлари содир бўлиб тўйганини билмай, ҳадеб нималарнидир еяверади ва оқибатида семириб кетади. Яъни стрессни кетказиш йўли у учун овқатланиш бўлиб қолади. Аммо турмуш ўртоғи кулиб боқса, ярашиб олишса бир зумда кайфияти кўтарилиб, дофаминлари кўпайиб гўё ундан бахтли инсон дунёда йўқдек бўлиб қолади. Мана буларнинг ҳаммасига сабаб аёлнинг барча ҳодисаларга, воқеаларга эмоционал реакция қилишидир. Валлоҳу аълам!