Кўз касалликларига Мулк сураси давоми?

01:43 / 06.10.2020 | Nodiraxon | 456

Ассалому алайкум! Устоз мени кўзим хира кўради. Борган сари хиралашябди, кўп уколлар олганман, витаминлар ҳар доим ичиб юраман, лекин олдинги ҳолатига қайтмаябди. Мулк сураси кўзга даво бўлар экан, деб эшитдим. Шу ростми? Агар рост бўлса уни қайси вақтда, қанча ўқисам кўзларимга даво бўлади?

«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

Саъийд ибн Язийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Камъа манндандир. Унинг суви кўзга доридир», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар. 

Термизий:

«Ва ажва жаннатдандир. У заҳарга доридир»ни зиёда қилган.

Шарҳ: «Манн» деганда Аллоҳ таоло Бани Исроилга осмондан туширган таом – асалли холва кўзда тутилган. Лекин бу гап ўхшатиш учун айтилган. Манн осмондан тушган нарса эканлиги, камъа эса ерда ўсадиган ўсимлик эканлиги маълум. Бу ерда «Камъа хайр-барака жиҳатдан худди маннга ўхшайди», деган маъно бор. Унинг сувини сиқиб, бир неча маротаба кўзга томизилса, Аллоҳни изни ила касал кўз шифо топади.

 

2582- وَقَالَ أَبُو هُرَيْرَةَ t: أَخَذْتُ ثَلَاثَةَ أَكْمُؤٍ أَوْ خَمْسًا أَوْ سَبْعًا فَعَصَرْتُهُنَّ، فَجَعَلْتُ مَاءَهُنَّ فِي قَارُورَةٍ، فَكَحَلْتُ بِهِ جَارِيَةً لِي فَبَرَأَتْ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ. وَاللهُ أَعْلَى وَأَعْلَمُ.

 

2582. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Уч ёки беш ёки етти дона камъани олдим. Уларни сиқиб, сувини шиша идишга қуйдим. Ундан бир жориямнинг кўзига суртган эдим, тузалиб кетди».

Термизий ривоят қилган. Аллоҳ олий ва билгувчироқдир.

Шарҳ: Бу ривоятда камъа ўсимлигидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсиялари бўйича дори тайёрлаб, манфаат топилганлиги ҳақида ҳикоя қилинмоқда.

(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан )

 Валлоҳу аълам!