Баддуо

20:11 / 06.10.2020 | Princess Princess | 517

Ассалому алайкум! Онажонимни жуда ҳам яхши кўраман. Лекин кўп дилларини оғритиб қўяман. Сабаби эса укамнинг тарбиясизлиги. Биз чет элда яшаймиз. Укамнинг на ота-онани ва на опа-сингилларини ҳурмат қилмаслиги мени ташвишга солади. Ҳеч кимни писанд қилмайди. Биз унга ҳамиша яхши гапириб насиҳат қиламиз, танбеҳ берамиз. Лекин эшитмасликка олади. Ҳаттоки биздан жаҳли чиққанида ҳали 2 ёшга ҳам кирмаган боламга жисмоний озор беради. Шундай ҳолатда танбеҳ берсам онажонимнинг диллари оғрийди ва баъзан "сенинг ҳам ўғлинг шундай бўлсин", деб ҳали гўдак бўлган боламни баддуо қиладилар. Мен "ота-онамнинг ёлғиз ўғиллари  келажакда уларга зулм қилишидан қўрқиб танбеҳ бераман", десам онамнинг диллари оғрияпти. Нима қилишга ҳайронман. Онажонимни хафа қилишни хоҳламайман. Нима қилсам бўлади? 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Уйингизда тинчлик сақланишига эътибор қаратинг. Ҳеч кимни тарбияламанг, танбеҳ берманг. Қўлингиздан келганича меҳр беринг халос. Негаки инсонни, айниқса катта бўлган инсонни тарбиялаб бўлмайди. Балки ўзининг ҳулқи, одоби орқали ибратли бўлиб таъсир ўтказиш мумкин. Фарзандингизни укангиз хафа қилгунича қараб турманг ёки уларнинг ўрталарига тушманг. Жанжалнинг олдини олиб туринг. Мумкин қадар укангиз келганида болани чалғитиб бошқа хонага олиб киринг. Укангиз бу қилаётган хатоларини уйланганида, фарзандлари туғилганида тушуниб олади. Онангизни ҳам норози қилманг. Укангиз онангизнинг тарбиясини олган. У онангизнинг фарзанди, жигарбанди. Укангизга танбеҳ бераётганингизда ҳар қанча ҳақ бўлсангиз ҳам онангизга унга танбеҳ бергандек ёмон таъсир этади. Валлоҳу аълам!