Ассалому алайкум! Мен мактабда ўқитувчиман. Табиийки, бир синфда ўттиздан ортиқ ўқувчиларим бор. Уларнинг қизиқиши, оилавий муҳити, ота-оналари ҳар хил. Уларга дарс бергунча қийналаман. Бири дарсимга қизиқади, бирига умуман барибир. Бўш ўзлаштирувчи ўқувчилар билан шуғуллансам, бошқалари қолиб кетаяпти. Дарс тайёрламаганларига танбеҳ бериб, ўтган дарсни қилдиргунимча қолганлар кутиб қолишади. Шундай пайтда қолган билимга чанқоқ ўқувчиларимнинг ҳаққини суистеъмол қилмаяпманми?
– Ва алайкум ассалом! Дарс бериш усулингизнинг бир хиллигидан воз кечинг. Мавзуга мос бирор қизиқарли ривоят ёки бўлган воқеаларни сўзлаб бериш билан болаларни ўзингизга жалб қилиб олсангиз, дарсда болалар зерикиб қолмайди. Бунинг учун сиз малакали устозлар дарсларини кузатиб, ўзингиз учун керакли методларни ўрганасиз, албатта. Яна бундай ҳолатда мактаб маъмурияти билан келишилган ҳолда гуруҳни иккига, яъни "иқтидорлилар" ва "оддий" гуруҳларга ажратган маъқул. Aгар бунинг иложи бўлмаса, дарсни болаларнинг иқтидорига мослаб ўтиш керак бўлади. Сабаби, ижтимоий фанларга қизиқадиган бола аниқ фанларга, ёки аксинча аниқ фанларга қизиқадиган бола ижтимоий фанларга қизиқиши кам бўлади. Бу табиий. Фан ўқитувчиси фанини ҳаммадан бир хилда ўзлаштиришни талаб қилиши мақсадга мувофиқ эмас. Aли розияллоҳу анҳу деганлар: "Одамларни ақлига мос гапиринглар!" Валлоҳу аълам!