Ассалому алайкум! Турмуш ўртоғим мендан жуда ҳам кўп шубҳа қилаверади. Ҳар нарсадан шубҳага боравериб, "нимадир беркитасан, ёлғонинг бор" дейди. Энг дилимни оғритадигани, қасам ичтиради. Ростгўйлигимни исботлаш учун "агар ёлғончи бўлсам, Аллоҳ мендан юз ўгирсин", деб қасам ичдим. Аввал бир икки ёлғон гапирганман, лекин тавба қилиб, ҳеч қачон ёлғон гапирмасликка аҳд қилганман. Ўшандан буён бирор марта ёлғон гапирмадим, беркитмадим. Маслаҳат беринг, бундай ҳолатда қандай йўл тутай? Турмуш ўртоғим энди бир умр мени шундай қийнаб ўтадими?
– Ва алайкум ассалом! Турмуш ўртоғингизнинг ишончига киришга ҳаракат қилинг. Эркак киши ишончини йўқотса шундай гумонҳўр бўлиб қолади. Эндиликда сиз фақат тўғри сўз эканлигингизни исботланг. Турмуш ўртоғингизга “хоҳлаганингизни сўранг, мен фақат ростини айтаман”, деб таъкидлаб туринг. Аввалида сизга ишонч ҳосил қилмаслиги табиий ҳол. Бунга бироз сабр қилиб туришингизга тўғри келади. Бу даврда асосийси оилангиздаги воқеа-ҳодисаларни ташқарига чиқармасликдир. Оила қуришингизнинг илк дамларини эсланг. Турмуш ўртоғингиз нималардан кўнгли кўтарилар эди? Балки бирон киймингизни кийганингизда кўзи қувнагандир, эҳтимол қайсидир таомингизни яхши кўриб егандир? Ана шу каби ҳис-туйғуларни қайта кечириб ўтиши учун ўша ҳаракатларингизни такрорлаб туришингиз керак. Валлоҳу аълам!