– Ва алайкум ассалом! Пайғамбарлик келишидан уч йил олдин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламда Маккаи Мукаррама яқинидаги Ҳиро ғорида бир йилда бир ой (Рамазон ойида) «таҳаннус» ибодати, яъни ғорда ўтириб, руҳий покланиш одати пайдо бўлган эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оила қурганларига ўн беш йил тўлиб, 40 ёшга етганларида кўнгиллари ёлғизликни тусай бошлади. У зот Макка атрофидаги тоғлардан биридаги Ҳиро ғорига кириб, бир неча кунлаб «таҳаннус» ибодатини қилар эдилар. Яъни ёлғиз ҳолда қолиб, дунё ишлари ҳақида, ундаги разолатларни йўқотиш, ҳақиқатни, адолатни юзага чиқариш ва бошқа фазилатлар тўғрисида фикр юритдилар. Баъзида уйга озиқ-овқат учунгина тушар эдилар ёки уни уйдан келтириб беришарди.
Бу Аллоҳ таоло тарафидан у зотни Пайғамбарликка тайёрлаш эди.
Бу ҳақда имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи белги берган нарса уйқудаги ҳақ туш бўлди. У зот қандай туш кўрсалар, албатта, худди тонг ёруғидек, аниқ ўнгидан келар эди. Сўнгра у зотга холи қолиш маҳбуб бўлиб қолди. Ҳиро ғорида ҳоли қолиб, аҳллари олдига тушишдан олдин бир неча кеча «таҳаннус» ибодати қилар эдилар. Яъни ўз аҳлига қайтишдан олдин бир неча кечани ибодат ила ўтказар эдилар. Бунинг учун зоди роҳила олволар эдилар. Сўнгра Хадийжанинг олдига қайтиб, яна ўшанчага етарли зоди роҳила олар эдилар. У зотга ҳақ келгунича шундай бўлди. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан )
Валлоҳу аълам!