Томоқдаги тиқилиш

18:56 / 16.10.2020 | Munojathon | 1027

Ассалому алайкум! Мени томоғимга анчадан бери бир нарса тиқилиб турадиган бўлиб қолди. Баъзан яхши бўлиб, умуман йўқ бўлиб қолади. Буқоғимни текширтирдим, яхши, бўқоқ безларингиз тозза дейишди. Бугун кечаси бир ухлаб турсам бирнима бўғзимга келиб, пастлагандай тиқилиб, жуда беҳузур бўлиб чиқдим. Сув ичдим, ўтиб кетмади, ҳозир ҳам шундай тиқиляпди, овқат есам ҳам, сув ичсам ҳам ўтиб кетмаяпди. Нима маслаҳат берасиз, қайси шифокорга учрашишим керак?

Шифокор:

– Ва алайкум ассалом! Томоқдаги тиқилиш ёки ёт жинс  ҳисси бўйин соҳасида жойлашган ҳаёт учун муҳим  10 га яқин мушаклар ва қон томирлар, трахея, қизилўнгач, қалқонсимон без ва бўйин умуртқалари паталогиясида кузатилади. Шунингдек, у невроз ҳолатларида ҳам кузатилиши мумкин.
  Томоқдаги тиқилиш ҳисси одатда қуйидаги ҳолларда кузатилиши мумкин: стрессларнинг натижаси, мушаклар спазми, ЛОР аъзоларининг яллиғланиши, бўйин умуртқаларининг остеохондрози ёки силжиши ёки нервларининг сиқилиши оқибатида,  қалқонсимон без касалликларида, қизилўнгачга ошқозон кислотасининг сачраши натижасида, айрим яхши сифатли ёки ёмон сифатли ўсмаларда кузатилиши мумкин.
   Бу ҳис гоҳида-гоҳидагина намоён бўлса хавфсирамаса ҳам бўлади, у асабийлашиш билан боғлиқ бўлиш эҳтимоли юқори, аммо сизда иштаҳасизлик, сабабсиз озиш, томоқда оғриқ ва температура кўтарилиши, ошқозон соҳасида ҳам оғриқ ёки жиғилдон қайнаши қўшилса, тиқилиш ҳисси доимий кузатилса, бўйин ва орқада дискомфорт бўлса бу мутахассис шифокорларга мурожаат қилишингиз учун жиддий кўрсатма ҳисобланади. Агар бир неча марта шахдам нафас олиб ютинганингиздан кейин ҳам бу ҳиссиёт ўтиб кетмаса, сиз гастроэнтеролог, хирург, ЛОР, психоневролог ва онколог мутахассисларига кўринишингиз керак.
 Валлоҳу аълам!