Эрим 2-хотин олмоқчилар

21:07 / 16.10.2020 | Gulnora | 3566

Ассалому алейкум! Ёшим 24 да, 4 йил аввал турмушга чиққанман. Икки нафар ўғлим бор. Қайнона қайнотам билан тураман. Уларнинг хоҳши билан ва эрим ўзлари севиб уйланганлар. Кетма-кет болалик бўлдик. Эрим олдин жуда меҳрибон эдилар. Келинлик вазифаларим, фарзандларга қараш ва айрим айбларим туфайли эримга етарлича эътиборли бўлолмай қолгандим. Намозга буюрсалар тез-тез тобим қочиши сабабми, баъзан жуда қийналиб ўқирдим. Намозни имкон қадар қолдирмайман. Эрим "суннатга амал қилсанг, кўп касал бўлмайсан, сен амал қилмаяпсан", дейдилар. Дориларни оберадилар, уй ишларини кўп қилсам соғлигим ёмонлашса сўкадилар, хизматларини яхши бажараман. Ўзлари намозни қолдирмайдилар, садақа ва яхшиликни ёқтирадилар, болалари кўп бўлишини хоҳлайдилар. Мени аввалгидек севмайдилар. Эримнинг айблари, тўғри деб билганларидан қайтмайдилар, фикримиз бир жойдан чиқмайди. Айтганлари нотўғри туюлади, мажбуран бажараман, буни сезадилар. Шу туфайли орамизга совуқчилик тушган, айбларини айтсам ўзгармасликлари, ўзларини ҳақ эканликларини исботлашни бошлашлари туфайли беэътибор бўлиб қолган эдим. У киши олий маълумотли, ўқимишли, ақлли, илмлилар. Аммо баъзан оддий нарсага ақллари етмаётгандек. Телеграмда жуда кўп ёзишадилар, ҳозир ҳам бир аёлни ёқтириб қолганликларини, унга уйланиш ниятлари борлигини айтмоқдалар. Яъни, 2-хотин олмоқчилар. У аёл фарзандсизликдан турмуши бузилган, қория, яхши оилани фарзанди экан. Ақлли, эрим билан фикри бир жойдан чиқармиш, гаплашсалар зерикмас эканлар, менчалик гўзал бўлмасада, эримга жуда ёқаркан. Аммо 2-хотин бўлишга кўнмабди, эримни севаркан. Эрим менга шарт қўйдилар, "ақлли, маслаҳатгўй аёл керак, ўзгарсанг ўзгар, йўқса уни оламан", деяптилар. Ўзгардим, авалгидан ҳам кўпроқ эътиборлиман. Аммо гаплашаётган аёлга нисбатан кўнгиллари бор, баъзан "сен билан фарзандлар туфайли яшаяпман", дейдилар. Уни мақташларига ва мени ёнимда ҳам ёзишишларига сабр қилишга жуда қийналяпман. "Динимизда мумкин, уйланаман, менинг ҳам бахтли бўлишга, имкон бўлганда ўзимга мос инсон билан яшашга ҳаққим борку, сизларни ҳам ўз уйимда қолдираман, қарайман", дейдилар. "Кундошга рози бўлмайман , ажрашиб кетаман", десам, "ўғилларим мен билан қолади, у аёл ўз боласидек кўришга ваъда берган", дейдилар. Олдингидек яҳши кўришлари ва оиламни сақлаб қолиш учун нима қилсам болади? У аёлга уйланмасликлари учун қандай йўл тутай? У аёлдек бўлолмайман, албатта. У мендан ақлли, ҳушёр экан.


Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Турмуш ўртоғингизнинг яна хотин олишга динимиз томонидан қаралганда ҳаққи бор албатта. Аммо бунинг учун сизнинг жавобингизни бериб юбориши нотўғри иш бўлади. Ўзингизнинг устингизда ишланг. Турмуш ўртоғингиз учун эмас. Балки сизни Яратган Аллоҳ сизхга шунча неъматлар бергани учун, бу неъматларга лойиқ кўргани учун ўзингизни лойиқ кўриб янада ўзингизга бўлган баҳоингизни оширишингиз керак. “Фалон аёл ундай, мен эса бундайман” дея ўзингизнинг назарингизда ўзингизга бўлган баҳоингизни янада туширманг. Бу ишингиз Яратганнинг сизга ато этган шунча неъматларига ношукр қилгандек кўриниб қолиши мумкин. Табиийки, эри уйланишни ҳоҳлаган ҳар бир аёл уни “иссиқ-совуқ” қилинган деб ҳисоблайди. Аммо бундай эмас. Шунчаки қалб масаласи бу. Бир инсоннинг иккинчи инсон билан дунёқарашлари бир-бирига тўғри келиши, уларнинг муносабатлари, қайта-қайта қилган бир қанча мулоқотлари эса шундай меҳр-мухаббат уйғонишига етаклайди. Сиз психологга боринг. Ундан ўзингизга бўлган ишонч туйғусини, ўзини қадрлашни ўрганиб олинг. Тўғри, турмуш ўртоғингизга янада меҳрлироқ бўлаётганингиз яхши. Лекин аввал ўзингизга меҳр кўрсатинг. Ўзингиз буни туймаган бўлсангиз турмуш ўртоғингизга бериш керак бўлган меҳр қандай бўлиши кераклигини қаердан биласиз? Агар ўзлигингизни топсангиз дунёга ҳам бошқача қарайдиган бўла бошлайсиз. Бундай ўзгаришингиздан кейин турмуш ўртоғингиз ҳам сизга бошқача муносабат қила бошлайди. Сизга Шайх хазратлари Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳга келган савол жавобларини илова қилмоқчиман. Буни билиб қўйганингиз яхши.
”Ассалому алайкум! Биламизки динимизда кўп хотинликка рухсат берилган ва бунинг ўзига хос шартлари бор. Аёлларининг ўртасида адолатли бўлиш каби мисол учун иккинчи хотинни олишдан олдин биринчи хотини ва ота-онасининг розилигини олиш муҳимми ёки улардан беркитиб иккинчи никоҳ ўқиттириб, беркитиб яшаб юрса бўладими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Бу савол ҳам бир кунда бир неча маротабадан такрорланадиган саволлардан. Аслида саволни қурилиши бузуқ, нотўғри. Бу ерда эркак кишилар ўзининг шаҳвоний ҳожати учун бошқа, яъни ўзининг хотинини устига хотин олиш мақсадида ва уни бировдан яшириш, билдирмаслик мақсадида туғилган савол ҳисобланади. Бунинг ўрнига "исломда кўп хотинликка иккита аёлга уйланишга қўйилган шартлар нима?" деб сўралса яхши бўлар эди. Ҳозирги кунда мана шу масалани динда бор экан рухсат берилган экан, суннат экан, шунинг учун қилаяпмиз деган пеш гапларни гапирилади, баҳоналарни топилади. Лекин, диндаги руҳсатни шартлари нима, дин қайси ҳолатларда рухсат берган, нима учун рухсат берган, бу маъноларни биров сўрашга ботинмайди ҳам, "сўрасам елкамга янги вазифа тушиб қолади" деган маънода бундай саволлардан қочишади. Балки биринчи хотин билмаса, ота-онам билмаса нима бўлади маънодаги саволларни бераверади. Исломда бирдан ортиқ аёлга уйланиш учун асосий шартлардан бири-адолат. Яъни, бирдан ортиқ хотиннинг орасида адолат ўрнатиш асосий шарт ҳисобланади. Иккита хотини бор одам ҳамма жиҳатдан иккови хотинга тенг қараши керак. Уй жой масаласида, кийим-кечак масаласида, озиқ-овқат масаласида, дам олиш, даволаниш ва қўйинки оилада бўладиган ҳар бир сарф-харажат, муомала маъноларида тенг қараши керак. Шунингдек, кечаси бир кун биттаси билан, иккинчи кун бошқаси билан бирга ётишни ҳам таъминлаши керак. Ана шу асосий шарт ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръонда: “Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, битта билан кифояланинг” деган. Адолат эса ҳалиги ҳолат бўлади. Мана шу ҳолатни, мана шу шартни ҳар бир одам яхши билиши керак. Ҳозирги воқелигимизга қарайдиган бўлсак, адолат масаласида амал қилаётган кишини кўришимиз маҳол иш, жуда кам, ниҳоятда оз бўлиши мумкин. Шахсан мен ва мени атрофимдаги кишилар ҳали кўриб "шу нарса ҳақиқатдан шариатда келган адолатни юритилётганлигига гувоҳмиз" дейдиган ҳолатимиз йўқ. Кўпчилик хотинни иккита қилиб олади, катта хотин кучлироқ, забардастроқ бўлса, қўрққанидан ундан кичигини умуман билдирмайди. Қачон бир қочиб беркиниб имконини топганда олдига кириб чиқади. Аксинча, катта хотин ёвошроқ бўлса, соддароқ бўлса, уни умуман ташлаб бола-чақаси билан иккинчи ёш хотинга ўтади, ўша билан юради. Буни умуман одам ўрнида кўрадиган(кўрмайдиган) ҳолатлари тез-тез учрайди. Мана шу нарсаларга эътиборни беришимиз керак. Энди, саволни ўзига, агар нотўғри қўйилган бўлса ҳам ўзига қайтадиган бўлсак, никоҳни никоҳ бўлиши учун учта фарз бор. Унинг биттаси маҳр, яъни эр бўлаётган киши, хотин бўлишга рози бўлаётган аёлга, қизга маҳр бериши фарз. Иккинчиси, энг камида икки эр киши ёки бир эр икки хотин киши гувоҳ бўлиши шарт. Учинчиси ижоб ва қабул: эр-хотин бўлаётган кишилар бир-бирига шу никоҳ қуриб, яъни оила қуриш ниятларида ўз розиликларини баён этишлари керак, бир-бирлари эшитишлари ва гувоҳлари ҳам эшитишлари лозим. Мана уч нарса фарз адо бўлса никоҳ бўлади. Энди гувоҳларга "мени уйланганимни бировга айтма" деб шарт қўйса, уламолар ихтилоф қилган: "бу сир никоҳга айланиб қолади, бунда никоҳи тўғри бўлмайди" деган гапларни айтганлари ҳам бор, "йўқ гувоҳ бўлдими, ана шу билан иш битди" деган уламолар ҳам бор.

Қуйидаги ҳукм 2-3-4-хотинларга ҳам тегишли.
Кишиларнинг турли ҳолатларига қараб, никоҳда бўлишлари ҳукми ҳам турлича бўлади.
1. Фарз-вожиб.
Агар бир инсон никоҳли бўлмаса, зинога боришига ишониб етса ва никоҳга кетадиган сарф-харажатга эга бўлгач, никоҳдаги шеригига зулм қилмасдан, ҳаққини адо этишига ишонса, бундай одамга никоҳ фарз-вожиб бўлади. Чунки мусулмон кишининг ўз иффатини сақлаши, ҳаром ишдан тийилиши вожибдир.
Ислом шариатида «вожиб нарсани адо этиш учун керак бўлган нарсани қилиш ҳам вожибдир» деган қоида бор. Бу ерда ана шу қоидага амал қилинади.
Киши ўз иффатини сақлаши, ҳаром ишга бормаслиги вожиб. Ўша вожибни қилиш учун никоҳ – уйланиш лозим. Демак, у одам учун уйланиш – оила қуриш вожиб бўлади.
2. Ҳаром.
Агар бир инсон никоҳланиб, ўзининг никоҳидаги шеригига зулм қилиши ва зарар етказишига ишониб етса, бундай одам учун оила қуриш ҳаром бўлади.
Бу ҳолатда Ислом шариатининг «ҳаромга олиб борувчи нарса ҳам ҳаромдир» деган қоидаси ишга тушади. Бировга зулм қилиш, зарар етказиш – ҳаром. Ўша зулм ва зарардан иборат ҳаром иш никоҳ туфайли содир бўлиши аниқ бўлганлиги учун, бу ҳолатда унга олиб борадиган йўл – никоҳ ҳам ҳаром бўлади.
3. Макруҳ.
Агар бир инсон никоҳланса, ўзининг никоҳдаги шериги – жуфти ҳалолига нисбатан зулм ва зарар келишидан қўрқса, аммо тўлиқ ишонмаса, бундай одам учун никоҳ макруҳдир.
4. Суннати муаккада.
Мўътадил инсон учун, зинодан қўрқмайдиган, оила қурса, жуфти ҳалолига зулм қилишдан, зарар етказишдан ҳам қўрқмайдиган киши учун оила қуриш суннати муаккададир.
Оят ва ҳадисларнинг кўпчилигида баён этилган, ҳукми айтилган ҳолат кишилар орасида оммавий суратда учрайдиган мана шу ҳолатдир.
Никоҳнинг, оилали бўлишнинг суннати муаккада эканига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйланганлари ва никоҳда бардавом бўлганлари, саҳобаи киромлар ва кейинги авлодларнинг уни маҳкам ушлаганлари далилдир. Ҳанафийлар: «Бу суннати муаккада вожибга тенг», дейдилар.
Ким бу ишни қилмаса, тарки суннат қилган ҳисобланади.
5. Мубоҳ.
Уйланишга рағбат қилдирувчи нарсалар ҳам, ундан ман қилувчи нарсалар ҳам бўлмаган ҳолда никоҳ мубоҳ бўлади.
Ушбу зикр қилинган нарсалардан никоҳ – оила қуриш динимиз тарғиб қилган ибодат эканини билиб олдик. Эрдир, аёлдир – ҳар бир мусулмон оила қуришдек масъулиятли ишдан четда тура олмайди. Аммо, бу ишга киришишдан олдин ҳар бир инсон оила нима эканини, у нима учун ва қайси асосда қурилишини яхши билиб олмоғи керак. ("Бахтиёр оила" китобидан). Валлоҳу аълам!”