Ассалому алайкум! Иккита фарзандим бор эди. Катта ўғлим 8 ёш, кичиги 2 ёш. Катта ўғлимдан яқинда айрилиб қолдик, бир ой бўлди. Уйда электр ток урди. Ўзим ҳамшира бўлиб ишласамда, ўғлимга ёрдам беролмадим. Шу сабаб, ўзимни ҳеч кечиролмайман. Эсласам юрагим оғрийди, виждон азобидаман. Ҳозир ёзаяпману, кўзларим жиққа ёш. Илтимос, маслаҳат беринг! Олдиндан раҳмат.
– Ва алайкум ассалом! Бу жудоликда сизга Мерибон Аллоҳ гўзал сабр ато этсин. Сиз ҳамшираман деяпсиз, аммо шифокорлик касбининг энг моҳир, энг қобилиятли ва тажрибали устаси бўлганингизда ҳам қўлингиздан ҳеч нима келмасди. Негаки бу боланинг тақдирида шу кунгача яшаш ёзилган. Инсон умри тугашининг ўз вақти соати бор. Сизнинг ўша вазиятда қўлингиздан ҳеч нима келмаганлигининг ҳам сабаби айнан шунда. Буни яхшилаб англаб олишга ҳаракат қилинг. Тушунишингиз билан сиздаги бу виждон азоби йўқола бошлайди. Бундай азоб билан яшаш нотўғри иш. Яна бир фарзандингиз учун гўзал ибрат соҳиби бўлишингиз керак. Ҳар биримизнинг бу ҳаётда қилишимиз керак бўлган муҳим вазифаларимиз, ишларимиз бор. Ана шулар ҳақида кўпроқ ўйлашга ҳаракат қилинг. Тўғри, инсонга “уни қилсам бўлардику, буни қилсам бўлардику”, деган ҳаёллар тинчлик бермайди. Шундай бўлсада тақдир деган нарсани ҳар доим эслаб туришимиз керак. Сизнинг ҳолатингизга психологик нуқтаи назардан қараладиган бўлса бу жудолик қалбингизда умр бўйи ўз изини қолдирмай иложи йўқ. Бироқ икки йилгача сабр қилиб турсангиз, сўнг ҳолатингизда енгиллик ҳосил бўлади. Икки йилдан кейин хотирангиздан бу фожиавий воқеанинг ҳис-туйғуси ўчишни бошлайди. Валлоҳу аълам!