Қалб

06:13 / 17.10.2020 | Dildora | 725

Ассалому алайкум! Ёшим 25 да, бир нафар 11 ойлик қизим бор. Алҳамдуллиллаҳ, намозхонман. Келин бўлганимга икки йилдан ошди. Шу вақтгача қайнона қайнотам уйдагилар билан жуда аҳил эдик, лекин фарзандли бўлганимдан сўнг барчаси тескарисига ўзагаргандек. Олдинлари жуда босиқ ва ибодатларимда роҳатланар, чиройли ҳисларни туяр эдим. Ҳозир уйдаги барча муаммолар ичида мен борман. Ҳафагарчиликлар мен туфайлидек. Қайнонам ҳам мени ёмон кўриб қолганлар. Ҳаётим тескари томонга кетаётгандек. Шунинг учунми, ибодатларимда ҳаёлимни жамлай олмаяпман, жуда тушкунликдаман. Муҳими ибодатларим, эрим, қизимлигини билсамда, ҳаёлим паришон. Кунда, кун ора йиғлайман. Илтимос, маслаҳат билан ёрдам беринг.

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Балки сиз фарзандли бўлганингиздан кейин оила аъзоларингизга кам эътиборли бўлиб қолганингиз ўртангизда низолар ҳосил бўлишига сабаб бўлаётгандир. Фарзандли бўлгунингизгача кунларингиз оила аъзоларингизга қилаётган хизматларингиз билан ўтган. Улар бу ҳолатга ўрганиб қолишган. Эндиликда улгуролмаган ҳолатларингизга ўрганиш улар учун ҳам қийинчилик яратаётган бўлиши мумкин. Бу вазиятда сиз ёрдам сўрашни ўрганишингиз керак. “Масалан ойижон илтимос менга ёрдам беринг бола билан ишларимга улгура олмаяпман...” каби мурожаат қилишни билишингиз керак. Ҳар бир оила аъзоси “ичимдагини топ” деб юраверса турли низолар келиб чиқаверади. Очиқ гаплашишни ўрганиш керак. Очиқ гаплашиш бу бир-бирини айблаш эмас, аксинча ҳеч қандай талабларсиз, ҳақоратларсиз, гина қилмай, чиройли оҳангда ўз ҳис-туйғусини ифодалашдир. Эҳтимол сизда туғруқдан кейинги депрессия асорати қолган бўлиши мумкин. 10-15% аёлларда бу ҳолат кузатилади. Аслида бу касаллик эмас. Аммо бу ҳолатга эътибор қилинмай қаровсиз қолдирилса у ҳолда бу касалликка айланиб стационарда даволанадиган даражада чуқурлашиб кетади. Афсуски бу депрессив ҳолатнинг келиб чиқиш сабаблари ҳалигача охиригача ўрганилмаган. Бу муаммони қўзғатиб турувчи омиллар уйқусизлик, туғруққача ва ундан кейинги гармонал ўзгаришлардир. Аммо ҳар бир уйқуси яхши бўлмаган аёл шу ҳолатга тушади дегани эмас. Кўп аёлларда транзитор депрессия ҳолати ҳам учрайди ва бир неча хафтада осон ўтиб кетади. Аммо айнан шу транзитор депрессия ҳақиқий депрессияга олиб келувчи омил ҳисобланади. Шунинг учун ўз вақтида ташҳис қўйилиб эътибор қилиниши шарт. Агар сизда маюслик, ғам-андуҳлик кайфияти, уйқу бузилиши, асабийлик, хотира пасайиши, эътиборнинг сусайиши ва депрессиянинг бошқа ҳолатлари кузатилса бунга эътиборли бўлишингиз керак. Бундай ҳолат кучая борса албатта психиатрга мурожаат этиш керак. Бу ҳолатда психолог ёрдам бера олмайди. Негаки психиатр тиббий маълумотга эга шахс. Шунинг учун бундай ҳолатларда антидепрессантларни ичишни буюришига ҳақли. Психологга мурожаат қилишингиз ҳам мумкин. Психологик муолажалар қилиниши бу ҳолатда ёрдам беради албатта, аммо ўтказиб юборилган ҳолатда психологга эмас психиатрга мурожаат этилади. Енгил ҳолатлар 3 ойгача, оғир ҳолатлар 6 ойгача давом этиши мумкин. Бу вазиятларда уйдаги муҳит жуда ҳам катта ёрдам беради. Оила аъзолари ёш онага ҳар ишида ёрдам бериши, унга меҳр кўрсатиши, эътиборли бўлиши талаб этилади. Яъни, инсон ўз оиласида янги инсон туғилганини, бу катта неъматни дунёга келтириш осон эмаслигини жуда яхши англаши керак. Оила аъзолари уйғоқ бўлиши керак. Валлоҳу аълам!