– Ва алайкум ассалом! Қиёматли дўст биттадан ортиқ бўлиши мумкин.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ қиёмат куни бандани Ўзига яқинлаштиради. Ҳаттоки елкасини унинг устига қўяди ва унга, бу гуноҳни биласанми, бу гуноҳни биласанми, деб гуноҳларини санайди. У, ҳа, Роббим», дейди. Токи уни гуноҳларига иқрор қилидириб бўлганидан сўнгра унга, ана ўшаларни у дунёда сатр қилдим, бугун эса, сени мағфират қиламан, дейди», деганлар.Бешинчи ҳақ: Дўстнинг қоқилиш ва тойилишларини афв қилиш.Одатда дўстнинг хатоси динда ёки сенинг ҳақингда бўлади. Унинг хатоси динда бўлса, лутф билан насиҳат қилиш керак бўлади. У насиҳатни қабул қилиб, ўзини ўнглаб олса айни мурод. Аммо насиҳатни қабул қилмасачи?Абу Дардо розияллоҳу анҳу:«Қачон дўстинг ўзгариб, аввалгидан бошқача бўлиб қолса, уни ўша сабабдан тарк қилма. Чунки дўстнинг бир эгри, бир тўғри бўлиши бор», деган.Иброҳим Нахаъий раҳматуллоҳи алайҳ:«Дўстинг гуноҳ иш қилгани учун ундан алоқани узма, бугун гуноҳ қилса, эртаган уни тарк қилиш бор», деган.Бу ҳолат унинг ўзини ўнглаб, тўғри йўлга тушиб кетишидан умид узилгунча давом этади. Умид узилганда эса, у билан алоқани кесишга тўғри келади.Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу:«Қачон дўстинг ўз ҳолидан тескарига ағдарилиб қолса, уни нима учун яхши кўрган бўлсанг, шунинг учун ёмон кўр», деган.Дўстнинг хатоси ва қоқилиши сенинг ҳақингда бўлса, афв этиш, сабр қилиш ва яхшиликка йўйиш керак бўлади. Аҳнаф ибн Қайс раҳматуллоҳи алайҳ:«Уч нарсага сабр қилиш дўстнинг ҳақидандир: Ғазабдаги зулмга. Хуши учгандаги зулмга. Қоқилгандаги зулмга», деган.Абу Сулаймон Дороний Аҳмад ибн Абул Ҳаворийга:«Бу замонда биров билан дўст бўлсанг, уни ундаги сен ёқтирмаган нарса сабабидан койимагин. Тағин, ўшанинг жавобига аввалигисидан ҳам ёмонроқ нарсага дучор бўлиб қолмагин», деган.Олтинчи ҳақ: дўстнинг ҳақига дуо қилиш.Киши ўз дўсти ҳақига унинг тириклигида ҳам, мамотидан кейин ҳам дуо қилиб туриш масъулиятидадир. Ўзи учун нимани сўраса, дўсти учун ҳам шуни сўраб дуо қилади.Сафвон ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Шомга бордим. Абу Дардонинг манзилига бориб уни топмадим. Умму Дардони топдим. У менга:«Бу сана ҳаж қилмоқчимисан?» деди.«Ҳа», дедим.«Бизга яхшилик сўраб дуо қил. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Мусулмонинг ўз биродарига ғойибдан қилган дуоси мастажобдир. Унинг бошида бир муваккал фаришта туради. У ўз биродарига ҳар сафар яхшилик тилаб дуо қилганда муваккал фаришта «Омийн! Сенга ҳам ўшандоқ бўлсин!» дейди» дер эдилар», деди.Бозорга чиқиб, Абу Дардони топдим у ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан худди шу гапни нақл қилди».Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.Мусулмонлар бир-бирларига дуо сўраб туришлари керак.Дўст йўқлигида орқасидан қилинган дуо мақбул.Орқадан қилинган дуога муваккал фаришта «омийн» деб туради.Ғойибдан яхши дуо қилувчининг ўзига ҳам биродарига сўраган яхшиликчалик яхшилик етади.Абу Дардо розияллоҳу анҳу:«Мен етмишта дўстимга саждамда номларини айтиб дуо қиламан», деган.Еттинчи ҳақ: дўстга вафодор бўлиш ва унга ихлос қилиш.Дўстга вафодор бўлиш унинг муҳаббатида то ўлгунча собит туришдан, ўлимидан кейин унинг болалари ва дўстлари билан бирга бўлишдан иборатдир.Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат куни Аллоҳ таолонинг соясида бўладиган етти тоифа ҳақидаги ҳадисларида:«...Аллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўриб, Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашадиган икки киши», деганлар.Яъни, то ўлгунича деганлари.«Ўлганидан кейин қилинган озгина вафодорлик тириклигидаги кўпидан яхшидир», деган баъзи улуғларимиз.Анас розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ўзларига бирор нарса келтирилса, буни Фулонанинг уйига аолиб бориб беринглар. У Хадийжанинг дугонаси эди», дердилар», дейилган.Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у зот менинг олдимдалигида бир канпир келди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:«Сен кимсан?» дедилар.«Мен Жассома Музанияман», деди.«Йўқ. Сен Ҳассона Музаниясан! Сизлар қандайсизлар? Ҳолингиз қандай? Биздан кейин нима қилдингиз?» дея сўраб кетдилар.«Яхшимиз! Ота-онам сизга фидо бўлсин, Ё Аллоҳнинг Расули!» деди у. У чиқиб кетганидан кейин:«Ё Аллоҳнинг Расули, бир кампирга бунчалик иқбол қилдингиз?!» дедим.«У Хадийжанинг вақтида ҳузуримизга келиб турар эди. Албатта, эски аҳдни гўзал тутиш иймондандир», дедилар».Ҳоким ривоят қилган.Дўстнинг барча қариндошлари, дўстлари ва унга боғлиқ кишиларнинг риоясини қилиш унга вафодорликнинг давомидир.Дўстнинг динда йўл қўйган хатоларига рози бўлмаслик ҳам унга бўлган вафодорликдир.Дўстнинг фироқига ҳасрат-надомат қилиш ҳам унга бўлган вафодандир.Ибн Уйяйна раҳматуллоҳи алайҳ:«Ўттиз йил олдин фироқига учраган дўстларимнинг ҳасрати ҳали ҳам хаёлимдан кўтарилгани йўқ», деган.Дўсти ҳақидаги чақимчиликка қулоқ солмаслик ҳам унга бўлган вафодорликка далолат қилади.Бир одам донишманднинг олдига келиб:«Дўстлигингга совчи бўлиб келдим», деди.«Маҳрига уч нарсани сўрайман», деди.«Улар нималар?» деди.«Менинг ҳақимдаги чақимчиликка қулоқ солмайсан. Менинг ишимга хилоф қилмайсан. Мени кўр–кўрона тасдиқламайсан», деди.Дўстининг душманига дўст бўлмаслик ҳам унга бўлган вафодорликдандир.Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ:«Қачон дўстинг душманингга итоат қилса, иккиси сенга душманликда шерик бўлибди», деганлар.Саккизинчи ҳақ: енгиллик ва ортиқча такаллуфни тарк қилиш. Киши дўстига оғир келадиган нарсани раво кўрмаслиги керак. Бошқача қилиб айтганда, унга оғирлигини солмаслиги лозим. Менинг оғиримни енгил қилсин, мендан хабар олиб турсин, ёрдамимга доим шай турсин каби талабларни кўнглига ҳам келтирмагани яхши. Мусулмон дўстига Аллоҳ учун муҳаббат қўйяди, унинг дуосидан умидвор бўлади, уни кўришдан унс топади, унинг ҳақларини адо қилиш билан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилади ва динига ёрдам олади.Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтадилар:«Дўстларнинг ёмони сени тангликка солгани, мудорога муҳтож қилгани ва узр айтишга мажбур қилганидир».Баъзи машойихлар демишлар:«Ким дўстларидан улар ундан талаб қилмаган нарсани талаб қилса, уларга зулм қилган бўлади. Ким дўстларидан улар ундан талаб қилган нарсани талаб қилса, уларни заҳматга қўйган бўлади. Ким дўстларидан ҳеч нарса талаб қилмаса, уларга фазл кўрсатган бўлади».Жунайд раҳматуллоҳи алайҳ айтади:«Икки киши Аллоҳ учун дўст бўлсаю, улардан бири бошқасидан тортинса ёки уялса, албатта, иккисидан бирида иллат бўлади».
Валлоҳу аълам!