Ассалому алайкум, Одина опа! Жияним: «Аёл киши Маҳшар майдонида, Аллоҳ таолонинг ҳузурида кийими бўлмаганлиги сабаб, танасини узун сочлари билан ёпиб турар экан. Шунинг учун аёл киши сочини кесмаслиги керак», деб айтди. Шу тўғрими?
Ва алайкум ассалом. Оятда ҳам, ҳадисда ҳам бундай гап йўқ.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қиёмат куни одамлар ялангоёқ, яланғоч ва хатна қилинмаган ҳолда маҳшарга тўпланадилар», деяётганларини эшитдим. Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, барча эркагу аёллар бир‑бирларига қараб туришадими?» дедим. У зот:
«Эй Оиша! Аҳвол бунга аҳамият берадиган даражадан кўра қаттиқроқ бўлади», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «Аҳвол улар бир-бирларига қарашларидан кўра муҳимроқ бўлади», дейилган». Валлоҳу аълам.