Маслаҳатингиз керак

20:28 / 21.10.2020 | Mahmud | 622

Ассалому алайкум! Мен оилада катта фарзандман. Ота-онам олий маълумотли. Кўп ўйланаман. Сабаби ёшлигимдан оилада ота-онам ўртасида жанжаллар бўлиб келган. Шукур қиламанки, укаларим жуда ёш бўлишган ва улар бу нарсаларни кўришмаган. Лекин ёшликдан оғир босим остида катта бўлганман. Ҳар доим ота-онам ажрашиб кетишмасин деган қўрқув билан катта бўлганман. Ҳозир муносабатлари анча яхшиланган бўлсада мен маҳзун юраман. Ўша нарсалар таъсири қолган. Бошим сал шовқинга оғрийди. Таъсирчан бўлиб қолганман. Мийям яъни онгим доимо чарчоқда юради. Тушунтира олмайман.  Ёрдам бера оласизми? Қандай бу ҳолатдан, стрессдан чиқиб кетай? 

Мутахассис:

– Ва алайкум ассалом! Энг аввало ўзингизга раҳмингиз келишидан тўхтанг. Ҳар бир ўтган ёки ҳозирги вазиятларга табиий қаранг. Барчаси бўлиши керак экан, бўлди. Буларни ўйлаб ота-онангизни айблашингиз билан фақат ўзингизга зиён қиласиз. Ҳали ҳаётингиз олдинда. Ота-онангиз ҳам атайлаб ўзлари хоҳлаб шу кунларни кўришмаган. Балки ўша жанжаллар сизга керак бўлгандир. Яъни, келажакда такрорламаслигингиз учун ўзингизга керакли хулосалар чиқаргансиз. Қоғозга ўтмишингиздаги ҳолатлардан олган хулосаларингизни ёзиб чиқинг ва мана шу хулосалар учун Аллоҳга шукроналар айтинг. Ношукурлик, маҳзунлик келганда етимхонадагиларнинг ҳолатини эсланг ва яна Аллоҳга ҳамдлар айтинг. Балоғат ёшида кайфият ўзгариб туриши, таъсирчанлик бўлиб туради. Бунга парво қилмай кўпроқ китоблар ўқиб билимларингизни оширинг. Валлоҳу аълам!