Ассалому алайкум! Севганим билан 3 йилдан буён гаплашиб юрамиз. Бундан 3- 4 ой олдин жанжаллашдик, мен уни қилган иши учун урган, сўккан эдим. Кейин яна ярашиб кетдик, қўл кўтарганим учун узр сўрадим. Кеча яна тортишиб қолдик, у "айтган гапларингиз ва қўл кўтарганингиз учун афсуслантираман", деди. Қилган ишим унга шунчалик оғир ботибди, ҳалигача эсидан чиқмабди. 3 йил ичида илк марта қўл кўтаргандим, лекин 1 ҳафтадан кейин унга қайта қўл кўтармаслигимни айтгандим. Ҳар сафар жанжаллашганимизда шундай демаслиги учин нима қилишим керак?
– Ва алайкум ассалом! Авваломбор, бу қизга мумкин қадар тезроқ совчи қўйиб уйланишингиз ёки бу муносабатларга чек қўйишингиз керак. Негаки беникоҳ ҳолатда бўлган бу муносабатлар орқали гуноҳ орттиряпсиз ва шариатга мувофиқ иш бўлмаётганлиги учун бахтли бўлишингиз ва у қизни ҳам бахтли қилишингиз амри маҳол ишдир. У қизни калтаклаганингизга келсак, эркак кишилар каби бир-бирини уриб кейин яхши дўст бўлиб кетиш аёлларда мутлақо йўқ ҳолатдир. Аёл кишининг психикаси шундай ташкил топганки, унинг танаси унга етган озорни зинҳор унутмайди. Гарчанд мияси хотирасидан салбий туйғуларни ўчириб ташлаган бўлса ҳам. Кучлар тенг бўлмаган ҳолатда кучли эркак кишининг ожизага қўл кўтаришини, аёл кишининг дунёқарашига тўғри келмайдиган иш бўлгани учун ҳам буни кечира олмайди. Бахтли бўлган ҳолатидаги ижобий туйғулари туфайли бир оз муддат эсламаслиги мумкин, аммо сиз уни умри давомида ҳар дақиқада бахтли қила олмайсизку. Шунинг учун ҳаётингиз давомида аёл кишига қўл кўтаришдан ўзингизни тўхтата олишингиз керак. Валлоҳу аълам!