Фарзанд тарбияси

14:10 / 24.10.2020 | Sojida | 604

Ассалому алайкум! Менинг 2 та фарзандим бор. Каттаси 8 ёш, кичкинаси 2 ёш. Иккаласи ҳам қиз. Катта қизим билан кичиклигидан чиқиша олмаймиз. Негадир ноҳақлигини билса ҳам, гапларимни қабул қилишни хоҳламайди. Кўп ёлғон гапиргани сабабли тез жаҳлим чиқади ва тез уришиб қоламиз. Кичик фарзандим туғилгандан сўнг ҳамма эътиборим унга қараб қолди. Катта фарзандим "олдинлари мени эркалардингиз, ҳозир фақат синглимни эркалайсизлар", деб ҳафа бўлади. Дангасалиги ҳам бор, кўп вақтини телевизор кўриб, кўчада ўйин ўйнаб, ёки видео кўриб ўтказади. Кичкинамнинг қилиқларига, эркаликларига "ҳали кичкина", деб сабр қила оламан. Балки ўзим куну-тун ёнида бўлганим учун меҳрим кўпроқдир. Каттам туғилганда институтта ўқирдим, етарлича эътибор беролмасдим. Балки шу сабабдан хатоларига сабр қила олмай, дарров уришиб берарман. Яхши она бўла олмадим деб кўп ўйлайдиган бўлиб қолдим. Сабаби бор меҳримни кичик фарзандимга бергандайман. Менсиз тура олмайдиган бўлиб қолган. Нима маслаҳат берасиз? 

Мутахассис:

– Ва алайкум ассалом! 8 ёшли қизингиз ҳақида ўқиганимда унга муносабатингиз гўёки катта одам билан бўладиган келишмовчиликка ўхшайди. Катта қизингиз ҳам ҳали бола эканлигини тушунишингиз керак. Меҳр етишмаётганини очиқ-ойдин айтибди. Ўзингиз ҳам эътиборингизни кам беришингизни тушуниб турибсиз.  Туғилганида беролмаган меҳрингизни ҳозир бериб ўрнини тўлдириб юборишингиз мумкин. Фарзандларимиз бизга омонат. Уларни асраб авайлашимиз, улар энг аввало Аллоҳнинг бандаси эканини унутмаслигимиз керак. Сиз кичиги билан овора бўлиб қолганингиздан кейин нима қилсин? Телвизор кўрадида... Кўчага чиқадида... Унга ишонч бермаганингиздан кейин дангасалик қиладида... Ота-оналар болаларини тушунишни ва улар билан бирга вақт ўтказишни хоҳлашмайдида, кейин балоғат ёшига етганда кўчадан кирмаса ҳайрон бўлишади. Нима бўлган тақдирда ҳам муаммони ўз вақтида тушуниб етиб савол йўллаган экансиз, демак унчалик ҳам ёмон она эмассиз. Шунчаки қандай муносабатда бўлишни билмайсиз холос. Ўзингизни айблаганингиздан фойда йўқ. Она ўзини қанча айбласа бола ҳам айблайди. Шунинг учун энг яхшиси, бола тарбияси ҳақида китоблар ўқинг. Маълумотлар излаб топинг ва болаларингиз ўртасида адолат қилишни ҳам ўрганинг. Ўзингиз уддалай олмасангиз психологга мурожаат этиб, биргаликда ҳал қилинг.  Валлоҳу аълам!