Камъа ўсимлиги

03:14 / 14.11.2020 | Nodiraxon | 474
Ассалому алайкум! Кўзларим хира кўради. Расуллулоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам айтган эканлар, Камъа ўсимлиги кўз касалликларига даво деб. Камъа ўсимлигини ҳақида ҳеч қаердан маълумот топа олмадим. Бошқача номи ҳам борми? Ёки уни қаердан топсам бўлади?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

Саъийд ибн Язийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Камъа манндандир. Унинг суви кўзга доридир», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Термизий:

«Ва ажва жаннатдандир. У заҳарга доридир»ни зиёда қилган.

Шарҳ: «Манн» деганда Аллоҳ таоло Бани Исроилга осмондан туширган таом – асалли холва кўзда тутилган. Лекин бу гап ўхшатиш учун айтилган. Манн осмондан тушган нарса эканлиги, камъа эса ерда ўсадиган ўсимлик эканлиги маълум. Бу ерда «Камъа хайр-барака жиҳатдан худди маннга ўхшайди», деган маъно бор. Унинг сувини сиқиб, бир неча маротаба кўзга томизилса, Аллоҳни изни ила касал кўз шифо топади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Уч ёки беш ёки етти дона камъани олдим. Уларни сиқиб, сувини шиша идишга қуйдим. Ундан бир жориямнинг кўзига суртган эдим, тузалиб кетди».

Термизий ривоят қилган. Аллоҳ олий ва билгувчироқдир.

Шарҳ: Бу ривоятда камъа ўсимлигидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсиялари бўйича дори тайёрлаб, манфаат топилганлиги ҳақида ҳикоя қилинмоқда.

Айни ушбу ва шунга ўхшаш бошқа ҳадиси шарифлар мусулмон оламининг турли халқларига мансуб бўлган мусулмон табибларни ўз ўлкаларидаги мевалар ва турли набототларни синчиклаб ўрганиб, улардан ўз юртдошларига дори-дармонлар тайёрлашга чорлаган. Уларнинг Ислом таълимотларидан, ўзларининг маҳбуб Пайғамбарининг иршодларидан руҳланиб олиб борган мислсиз илмий изланишларининг самараси ўлароқ, жаҳон тиббиёти хазинаси сон-саноқсиз нодир дорилар дурдоналари билан тўлдирилди.

(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан)

 Валлоҳу аълам!