– Ва алайкум ассалом!
Пайғамбар алайҳиссаломдан содир бўлган амалларнинг турлари
Энди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амалларига ўтайлик. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча амаллари ҳадисларда ўта аниқлик билан ривоят қилинганини яхши биламиз. Шу билан бирга, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, у кишидан ўрнак олиш ҳар биримизнинг бурчимиз эканини ҳам яхши биламиз. Хўш, энди айтинг-чи, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган амаллар фарзми ёки вожибми? У зотдан содир бўлган амаллар ҳадисларда ривоят қилинганлиги учун суннатми ёки яна бошқача ҳукмлар ҳам борми? Мазкур амаллар бир хилми ёки турличами? Ҳадис китобларида бу саволларга жавоб йўқ. Уларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган амалларни васф қилувчи ривоятлар бор, холос. Мазкур саволларга жавобни уламоларимиз берганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амаллари уч турга бўлинади:
Биринчи турга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг инсонлик табиатидан келиб чиққан амаллар, мисол учун, ўтиришлари, туришлари, юришлари, еб-ичишлари, ухлашлари кабилар киради. Албатта, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай амалларни ваҳий асосида эмас, инсонлик табиати асосида, Аллоҳ таоло қандай яратган бўлса, шундай ҳолатдан келиб чиқиб қилганлар. Бунга ўхшаш амалларни у кишининг умматлари ҳам инсонлик табиатидан келиб чиқиб қиладилар. Бундай амаллар ҳамма учун мубоҳдир.
Шунинг учун ҳам мазкур ишларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшатишга уриниш вожиб бўлмайди. Аммо алоҳида таъкид билан ажратилган ишлар бўлса ва уларнинг ҳукми баён этилган бўлса, уларга амал қилиш зарур. Мисол учун, ҳадисларда ўнг қўл билан таом емоқ таъкидланган. Демак, мусулмон инсон таомни ўнг қўли билан емоҚи даркор.
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангиз бавл қилса, закарини ўнг қўли билан ушламасин, ўнг қўли билан истинжо қилмасин, идиш ичига нафас олмасин», дедилар».
Чунки ўнг қўл ҳалол-пок нарсалар, таом учун, нопок нарсаларни ушлашга эса чап қўл ажратилган. Шунинг учун ҳам бавл қилган пайтда закарни ўнг қўл билан ушламаслик керак.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам поклансалар, покланишларида ҳам, тарансалар, таранишларида ҳам ва кавуш кийсалар, кавуш кийишларида ҳам доимо ўнгдан бошлашни жуда яхши кўрар эдилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ҳадисда яхшилик, покликка доир ишларни ўнг тарафдан бошлаш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда яхши кўрган, доимо қилиб юрган иш эканини айтиш билан сиз билан биз, умматлар ҳам шу ишга эргашишимиз кераклигига тарғиб қилинмоқда.
Ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам покланганларида ҳам ўнг томондан бошлашни жуда яхши кўрганликлари ҳақида гап борганлиги учун у ғусл бобида келтирилмоқда.
Демак, ғуслда ҳамма аъзоларни ювишни ўнгдан бошлаш керак.
Таҳоратда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам сочларини тарасалар ҳам бошларининг ўнг томонини тарашдан, оёқ кийимини кийсалар, ўнг пойини кийишдан бошлар эдилар.
Ушбу ҳадиснинг Имом Бухорий қилган ривоятида:
«Барча ишларида ўнгдан бошлашни яхши кўрар эдилар», дейилган.
Чиндан ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам барча яхшилик, эҳтиром, хайр маъносидаги бир нарсани олиш ёки бериш, ичиш, ейиш, кийиш, ювиш каби ишларни ўнг қўл билан қилар ва ўнгдан бошлар эдилар.
Умуман, Исломда яхшилик маъноси ўнг томонга боғлаб қўйилган. Аҳли жаннатлар ўнг томон соҳиблари, дейилади. Бу дунёда яхши ўтган кишиларнинг номаи аъмоллари қиёмат куни ўнг томондан берилади. Ҳатто намоздаги сафда имомнинг ўнг томонида туриш афзал ҳисобланади.
Қолаверса, ҳадисда зикр қилинганидек, ҳар бир шарафли, яхшилик, поклик ва зийнат ишларини ўнг қўл билан қилиб, ўнгдан бошлашга тарғиб этилади.
Аксинча, чап тараф нохуш, нопок ишларга хос қилинган.
Аҳли дўзахлар чап томон соҳиблари дейилади.
Бу дунёда ёмон ўтган кишиларнинг номаи аъмоллари у дунёда чап қўлларидан берилади.
Нопокликдан тозаланиш, масалан, истинжо, аъзолардаги нопокликни кетказиш, бурунни қоқиш каби ишлар чап қўл билан қилинади.
Бу кўрсатмаларга риоя қилиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига риоя қилишдир, Ислом маданиятининг рамзларидандир. Кўпчилигимиз бу нарсаларнинг фарқига бормаймиз. Ҳамма нарсани аралаш-қуралаш қилаверамиз. Бу билан аввало Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига, исломий одобларга хилоф иш қилган бўламиз. Қолаверса, Ислом маданиятидан хабардор кишилар ҳузурида ким эканимизни ошкор қилиб қўямиз.
Бу ҳадисни ўқиганимиздан кейин зудлик билан унга оғишмай амал қилишга ўтишимиз керак бўлади. Ўзимиз унга амал қилишимиз билан бирга, фарзандларимиз, оила аъзоларимиз, яқин кишиларимизни ҳам шунга даъват қилишимиз лозим.
Эслатма: Болангиз ҳали кичик, мукаллаф ёшида эмас экан, унга гуноҳ ёзилмайди ҳали. Аммо балоғатга етгунича ҳаракат қилиб, ўнг қўлини фаолроқ қилиш мумкин.
Валлоҳу аълам!