Маслаҳат беринг, илтимос

13:42 / 13.03.2017 | Савол | 1622
Ассалому алайкум! Ассалому алайкум, ҳурматли, Одинахон опа. Аёл эри ётоққа чорлаганда бориш кераклиги ҳақидаги берган саволимга жавобингиз учун ташаккур. Аллоҳ илмингизни янада зиёда қилсин… Мен феъл-атворимдан қийналяпман. Ойижонга ёқмаган иш бўлса, бирор рўзғор ишида камчилик қилсам, жуда қаттиқ урушадилар. Диндан узоқлар, Аллоҳ инсоф берсин. «Келин қиздек бўлмайди» дейдилар. Негадир келинлар ҳақида ёмон гумонда бўладилар. Мен оддий хонадонданман, биздан бойроқ оилага келин бўлиб тушганман. Мен тўйдан олдин бўлажак турмуш ўртоғимга оддий оила фарзанди эканлигимни айтганман, улар бўлса «биз ҳам оддий оиламиз» деганлар. Лекин, ойижон келиб чиққан жойимни кўп юзимга соладилар: «Министрнинг қизи бўлсангиз ҳам майлиди…» ёки «Шундай оилалар бор, қизини турмушга бераётганда 3 хонали квартирага қўшиб ласеттини калитини беришади» деб кўп айтганлар. Тўғриси шу гапларни эшитганимда ўзимни жуда ёмон ҳис қиламан… Янги жойга келин бўлиб тушганда, ҳамма қизлар ҳам менимча бошида шу янги оилага мослашгунча, камчилик қилишса керак. Мен болалигимдан катталар айтганини ўзлари буюрганидек қилишга ҳаракат қиламан. Ойижонни жахлларини чиқарадиган ишни қайта қилмасликка ҳаракат қиламан. Масалан, ухлаб қоладиган келинларни ёқтирмасликларини билганим учун, доим ошхонада юраман, ҳатто болам уйғониб қолса, ошхонага олиб чиқиб эмизиб, яна ётоққа олиб кириб қўйган пайтларим ҳам бўлган, ойижон ухлаб қолган деб ўйламасликлари учун. Феълим шундайки, бирор кимдан гап эшитсам, шу ишни такрорламайман, ўзим ноқулайликдан қийналиб кетаман, асли феълим бўйсунувчан. Кейин ойижон урушганларида юрагим тез-тез уриб кетади, баданимда қизишни ҳис қиламан…тушунмайман ўзимни. Олдинлари бу каби гап эшитмаганман, энди оила қуриб эшитяпман. Кўпинча нохақ урушадилар. Келин бўлиб тушганимдан бери Аллоҳдан дуоларимда «Аллоҳим илтимос ўз қизларидек қабул қилишсин!» деб сўрардим. Мана яқиндан дуони бошқача қиляпман: «Аллоҳим, мени тоқатим етмаган нарсага мажбурлама, иймонимга зарар етказадиган одамлардан, амаллардан ва муҳитдан мени қутқар. Хайрли, суюкли бандаларинг орасида қилгин, нафи тегадиган илмга эга ва шу илмларига амал қиладиган бандаларинг орасида қилгин, фарзандларим ва эримни шундай инсонлар орасида қилгин, Амин» деб сўрайдиган бўлдим. Ҳурматли Одинахон опа, бу дуоим билан нотўғри иш қилмайманми? Мени тоқатим етмаяпти, негадир, арзимас нарсадан жанжал чиқса, сиқилиб кетяпман, шунинг учун дуоимни ўзгартирдим. Узун ёзганим учун кечиринг, илтимос
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Аллоҳ инсоф берсин. Инсоф сўраб дуо қилаверинг. Юқоридаги дуоингиз маъқул. Қайнонангизнинг табиатларини яхши тушуниб олган экансиз. Энди у кишининг бўлар-бўлмас танбеҳларини ҳадеб кўнгилга олаверманг, ўзингизни эҳтиёт қилинг. Аллоҳ енгиллик берсин. Омин. Валлоҳу аълам