Медитация ва визуализация

05:26 / 07.11.2020 | MUSHTARIYBEGIM | 1032

Ассалому алайкум! Медитация ва визуализация динимизда тақиқланганми? Бу амалиётдан фойдаланиб бўлмайдими? Агар мумкин бўлмаса нима учун?

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Психологияга қизиққан инсонларнинг аксарияти шу медитация ва визуализацияга қаттиқ қизиқиб қоладилар. Лекин психология буткул бошқа илм. Аввал медитация ва визуализацияга инсонлар нима учун интилишларини кўриб чиқайлик. Инсон медитацияни миядаги фикрлар оқимини тўхтатиш, сокин бўлиш, қалбини тирнаётган муаммоларини бироз унутиш, руҳан енгил бўлиш учун бажаради. Бу ҳолатга шаръий нуқтаи назардан қаралганда мусулмон инсон намоз ўқиганида ҳам ҳудди шу ҳолатга тушадику. Бунинг устига қанча гуноҳлардан сақланади, савоб олади, намоздан олган бу руҳий енгиллигини ҳеч нимага тенглаштириб бўлмайди. Визуализация нима учун инсонга керак? Яхши гумонда бўлиш учун. Кўп инсонлар келажагидан Пайғамбар алайҳиссалом ўгитларига биноан яхши гумонда бўлиш қўлидан келмаганда шу визуализация қилишга қизиқиб қоладилар. Аслида келажагидан, атрофида содир бўлаётган воқеаларда яхши гумон, яхши ният қилишнинг ўзи етарли. Визуализация ҳам айнан шу. Визуализацияга кучли берилиш ҳақиқий дунёсидан йироқлашишга, энергиясини ҳаддан ортиқ сарфланишига олиб келади. Валлоҳу аълам!