Ассалому алайкум! Ёшим 25 да, турмуш қуриб яқинда фарзандли бўлдим, Аллоҳга шукур. 2 хонали ижара уйда яшаймиз. Кўпинча қайнисинглим биз билан яшагиси келади. Ҳар сафар қандайдир сабаблар туфайли кўп вақтга қолиб кетади. Меҳмонга келганида чиройли кутиб кузатаман, лекин уйга ўрнашишни бошласа шахсий ҳудудим бузилаётгани асабий бўлиб юришимга сабаб бўлади. Уй тутиши, бепарволиги, эркалиги ғашимни келтиради. Бу ҳаёлларимдан турмуш ўртоғим ранжишини билиб ўзимни койисам ҳам ичимда айланаверади. Бу ҳаёллардан қутулишни хоҳлайман. Маслаҳат беринг, илтимос!
– Ва алайкум ассалом! Сиз онгингизга бир нарса қуйиб олишга ҳаракат қилинг. Бу дунёда ҳамма нарса ғанимат. Ҳатто қайнсинглингиз ҳам турмушга чиқиб кетади. Бироз сабр қилиб туринг. Бу даврларни гўзал ўтказсангиз ажр мукофотларга эришасиз. Негаки сиз қайнсинглингиз тан олса, олмаса у учун сиз иккинчи онасиз. Шунинг учун унга ибратли бўлинг. Берган панд-насиҳатларингизни ўз ҳаётида қўллай бошласа, сиз ҳақингизда ҳар эслаганида яхши гаплар билан эслайди. Бу ҳаётда инсондан қоладиган ва охиратга олиб кетадигани яхши амаллари унинг бировларга қилган яхшиликларидир. Шунинг учун қайнсинглингизга яхшилик қилиб бир оз сабр қилиб туринг. Бу ҳатти-ҳаракатларингизни турмуш ўртоғингиз ҳам сезади. Албатта унинг синглисига қилган муомалаларингизни у сезади ва сиздан рози бўлади. Бу эса мўмина учун турмушга чиққач қиладиган асосий вазифаларидан биридир. Валлоҳу аълам!