Оила

01:57 / 12.11.2020 | Zebo | 608

Ассалому алайкум! Турмуш ўртоғим эрталаб ишга кетиб кечқурун келадилар. Мен билан ишлари йўқ. Фақат телефон, телевизор кўриб ўтирадилар. Ёш болам билан кечгача бир ўзим ўтираман. Болага ҳам бирпасгина қарайдилар. Тезроқ олиб чиқиб кетишимни хоҳлайдилар. Камига алоҳида ётамиз. Алоқа қилиш ҳаёлларига ҳам келмайди. Жуда ҳам қийналиб кетдим. Нима қилишим керак?

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Аёл кишининг талаблари ҳаддан зиёд кўп бўлса эркак киши бундай аёлдан қоча бошлайди. Эркак киши билан аёл кишининг бир биридан фарқи фақатгина жинсида эмас. Уларнинг дунёқараши, мантиқий қараши, хоҳишлари буткул бошқа бошқа. Аёл киши эмоционал. Эркак киши ундай эмас. Аёл киши бир кунда 20000 дан ортиқ сўз ишлатади. Эркак киши эса 6000-7000 атрофида. Аёл киши кун бўйи бола билан уйда ўтириб бола билан гаплашмай турмуш ўртоғи ишдан чарчаб кириб келганида шу сўзларини ишлатиб олиши керак бўлади. Аммо эркак киши ишхонасида, кун бўйи тирикчилик қилган вақтида ўша 6000-7000 та сўзни ишлатиб бўлган бўлади. Шунинг учун эркак киши эшикдан кириб келишидан аввал аёл киши ўша 20000 та сўзларини гапириб бўлиши керак. У ўқишда ўқийдими, ишхонада ишлаб гапириб оладими, дугоналари, онаси, опа-сингиллари, хола ва аммалари билан гаплашиб оладими йўлини қилиб гапириб олгани маъқул. Шунда эркак киши уйига келганида аёл ҳам хотиржам бўлиб қолган бўлади. Эркак киши чарчаб келганида у ёлғизликни хоҳлайди. Агар аёл киши шунга шароит яратиб берса, эркак киши дам олганидан сўнг ўзи аёлининг олдига келади. Табиийки аёл киши болаларини унгача тинчитиб ухлатгани маъқул. Аёл киши уйида чиройли кийимларини кийиб зийнатланса ундан аёллик энергияси уфириб туради. Бу эса эркак кишининг эътиборини жалб этади. Иложи борича биргаликда ухлашга ҳаракат қилиш керак. Эркак киши уйига келганида аёл табассумлик бўлиб ўзини парваришлаб зийнатланиб туриши керак. Бу кўп ишни ҳал қилиб берадиган ҳолат. Валлоҳу аълам!