Ассалому алайкум! Куни кеча маҳалладошимиз вафот этдилар. Уйидагилар ўзларига келган овқатларни “увол бўлмасин” деб маҳаллага тарқатишмоқда. Саволим шундаки, улар тарқатишган овқатлар етим ҳақи бўлмайдими?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
Етимнинг ҳаққи маййитдан қолган меросда бўлади, яқинлардан келган йўқловларда эмас. Таом исроф бўлиб қолмаслиги учун тарқатиб юбориш жоиздир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қарамоғида етими бўлганлар ҳақларини еб қўйишидан қўрқиб уларнинг таомларини ажратиб қўйишган. Натижада таомлар айниб, исроф бўлган. Шуларда уларнинг таомидан яхшиликча ейишга изн бўлган.
Бу дунё ва охират ҳақида. Сендан етимлар ҳақида сўрарлар. Сен: «Уларга ислоҳ қилиш яхшидир», деб айт. Агар уларнинг (молларини) аралаштириб юборсангиз, бас, биродарларингиз. Аллоҳ бузғунчини ҳам, ислоҳчини ҳам билади. Агар хоҳласа, Аллоҳ сизларни қийинчиликка соларди. Албатта, Аллоҳ азиз ва ҳикматли Зотдир.
Демак, бу оятларни баён қилиб беришдан Аллоҳнинг мақсади – бандалар бу дунё ва охират ҳақида тафаккур қилишлари учун экан. Инсоннинг ҳаёти ҳам бу дунёга, ҳам охиратга тегишли бўлгандан кейин иккиси ҳақида тафаккур қилиши зарур. Фақат бу дунёни ўйлашнинг ўзи кифоя эмас, бунда инсон ҳаёти ҳақида тўғри тасаввур пайдо бўлмайди. Мусулмон инсон ўзининг барча ишларида, хусусан, молдунё нафақа қилиш бобида ҳам бу дунё, ҳам у дунё ҳақида тафаккур қилади.
Оятнинг давомида яна ижтимоий, инсоний алоқалар ва молдунё сарфи ҳақида сўз кетади. Масалан, боқувчисиз қолган етим болалар жамиятда алоҳида эътиборга сазовор аъзолардир, эндиги савол ана ўшалар ҳақида бўлмоқда.
«Сендан етимлар ҳақида сўрарлар», деяпти Аллоҳ таоло. Ва жавобдан маълум бўладики, савол етимларга бўладиган муомала, уларнинг мерос олган молларига қандай муносабатда бўлиш ҳақида экан. Чунки оятда:
«Уларга ислоҳ қилиш яхшидир, деб айт», дейиляпти.
Етимларга ислоҳ (яхшилик) қилишда хайри барака бор. Етимларга яхши қараш ҳар бир жамиятдаги ижтимоий тенгликнинг муҳим омилларидан биридир. Шунинг учун ҳам, Исломда бу масалага алоҳида эътибор берилган.
Қуръони Каримда ушбу масала бўйича бир қанча оятлар келган, жумладан, «Анъом» сурасида: «Етимларнинг молига яқин келманг…»; «Нисо» сурасида: «Албатта, етимларнинг молини зулм ила еювчилар қоринларига оловдан бошқани емайдилар ва тезда дўзахга кирадилар». Ва ҳоказо.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтишларича, бу икки оят туширилгандан кейин етимларни ўз кафолатига олган кишилар, етимларнинг ҳаққини еб қўймайлик деб, уларнинг овқатларини ҳам, ичимликларини ҳам алоҳида қилиб қўйишган экан. Ҳатто етимдан бирор овқат ортиб қолса, ўзи емаса, бузилиб кетса ҳам, биров емайдиган бўлибди. Бундай қийин ҳолни Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга зикр қилишганида, Аллоҳ таоло: «Сендан етимлар ҳақида сўрайдилар», оятини нозил қилган экан.
Бу оятда етимнинг молини унинг тарбиясини зиммасига олган одам ўз молига аралаштириб юборишига рухсат берилмокда:
«Агар уларнинг (молларини) аралаштириб юборсангиз, бас, биродарларингиз».
Яъни, етимларнинг молларини ўз молингизга аралаштириб юборсангиз бўлаверади, чунки улар ҳам сизларнинг биродарингиз. Сизлар уларга раҳимшафқат қилиб ўз тарбиянгизга олдингиз. Энди уларнинг молини еб қўйиб, азобга дучор бўлмайлик, деб ўзингизни машаққатга солишнинг ҳожати йўқ. Сизда уларнинг молини ейиш нияти бўлмаса, бас.
«Аллоҳ бузғунчини ҳам, ислоҳчини ҳам билади.»
Етимларнинг молини еб бузғунчилик қилганларни Ўзи билиб жазолайди. Уларнинг молини ўз молига аралаштирса ҳам, емай тақво қилганларни эса, мукофотлайди.
Тушунтириш учун айтиш керакки, етим отасидан айрилган, балоғат ёшига етмаган ёш ўғилқизлардир. Бу оятда гап ўша етимнинг отасидан ёки бошқа қариндошларидан мерос қолган моли, бошқа кишилардан ҳадя, садақа ёки бошқа мақсадда берилган моллар ҳақида кетяпти. Ўша молларни етимга қараб туришни ўз зиммасига олган одам ўз молига, еб юбормаслик шарти билан, аралаштириб юборишига енгиллик яратиш мақсадида рухсат бериляпти. Бу ҳам Аллоҳнинг меҳрибончилиги, акс ҳолда
«Агар хоҳласа, Аллоҳ сизларни қийинчиликка солар эди». Бундай рухсатни бермаса, етимнинг молидан хавотирда қийналиб юраверар эдингиз.
«Аллоҳ шундоқ қилиб сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки, тафаккур қилсангиз.»
Ҳа, дарҳақиқат Аллоҳ азиз, ғолиб, нима қилса, қўлидан келади. Бандаларини қийинчиликка солишга, амрига хилоф қилсалар, иқоб қилишга қодир. У – ҳикмат эгаси, бандаларига беҳикмат амр қилмайди. (Бақара – Тафсири Ҳилол)
Валлоҳу аълам!.