Ассалому алайкум! 3 ярим ёш қиз фарзандим бор. Зеҳни ўткир, Алҳамдулиллаҳ. Қўлимдан келганча ўзим билган исломий амалларни ўргатишга ҳаракат қиляпман. Мен билан бирга намоз ўқийди, саловат, зикрлар айтади. Лекин жуда жиззаки бўлиб қоляпти. Иложи борича яхши муомала қилишга ҳаракат қиламан, баъзида қаттиқ гапириб юборяпман. Ёки жуда талабчанлигим оқибатида шу ҳолатга келиб қоляптими? Масалан, "овқатдан олдин "бисмиллаҳ"ни айтдингми, қошиқни ўнг қўлингда ушла, оёқ кийимингни ўнг оёғингдан кий ва ҳоказолар", деб тинмай айтавераман. Шайтон ва фаришталар ҳақида, жаннат ва дўзах ҳақида гапириб бераман. Баъзан 3 ярим ёш фарзандимга жуда талабчанлик қилаяпман деб ўйлаб қоламан. Фарзандимни Аллоҳ рози бўладиган инсон қилиб, солиҳа, муслима қилиб тарбиялашим учун менга тўғри йўлни кўрсатинг. Нима қилсам фарзандим исломга муҳаббатли бўлиб улғаяди? Ҳозир қилаётган амалларим билан боламни бездириб қўяётгандекман.
– Ва алайкум ассалом! 7 ёшгача болага подшоҳларга муомала қилгандек муомалада бўлишингизни, бирор нарса ўргатаётганингизда ўйин тарзида ёки бағрингизга олиб, эркалаб тушунтиришни одат қилинг. Бу ёшда дўзах ҳақида гапиришдан кўра, савоб ва гуноҳ бўлишини айтишингиз маъқулдир. Сизга ҳам ота-онангиз қайта-қайта гапиришганлигини унутманг. Ҳар қандай болага бирор нарсани ўрганиш учун вақт ва малака керак бўлади. Ўта қаттиқ талабчанлик болани бездириб қўяди ва кейинчалик: ,,Гап эшитмай", - деб ёлғон гапиришни бошлайди. Ўзингиз қизингиз учун намуна бўлишингизни ёдингизда тутинг. Мана шундай вақтларда ота-оналаримизнинг нақадар УЛУҒЛИКЛAРИ ёдимизга келади. Валлоҳу аълам!