Ишлар юришмаслиги

02:25 / 18.12.2020 | Shuxrat Alimov | 755
Ассалому алайкум! Май ойида уйландим. Аёлим солиҳа, ибодатда, илми оқила аёл лекин негадир тўйимиздан кейин мени ишларим фақат орқага кетяпти. Яқинда бир яқин дўстим шу уйланганингдан кейин ишларинг орқага кета бошлади деб айтиб қолди. Кейин биров ўтган вақтидаги ишларни эсладим. Ўзим тадбиркорман, ишлаб чиқариш сехим ва дўконим бор, лекин уйланганимдан кейин ростдан ҳам ишларим орқага юриб, фақат зарарга кирибман. Ҳозирги кунда анчагина қарз ҳам бўлиб қолибман. Аёлим оёғи менга оғир келган бўлиши мумкинми ёки шу турмушимиз менга хайрли бўлмаган бўлиши мумкинми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Динимизда шумланиш йўқ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Шумланиш йўқ. Унинг яхшиси фолдир», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, (яхши) фол нима?» дейилди.

«Бирортангиз эшитадиган солиҳ сўз», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Шумланиш йўқ. Менга солиҳ фол – гўзал сўз ёқади», дейилган.

Учовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Аввалги ҳадиси шарифларда шумланиш, «Хасталик юқиб қолади», деган хавфда туриш ва шунга ўхшаган нарсалар ҳақида сўз кетганлиги учун, Исломда доимо яхши ниятда бўлиш тарғиб қилинганини билдириш мақсадида яхши фол ҳақидаги ҳадиси шарифлар келтирилмоқда.

Бемор кишининг «Энди тузалмасмиканман», каби фикрга бориши шумланиш бўлади. Агар бемор «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳар бир дард­нинг давоси бор», деганлар. Иншааллоҳ, тезда тузалиб кетаман», деса, бу яхши фол бўлади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида шумланиш зикр қилинди. Шунда у зот:

«Энг яхшиси – хайрли фол қилиш. У (шумланиш) мусулмонни қайтармас. Қачон бирортангиз ўзига ёқмаган нарсани кўрса, «Аллоҳумма, лаа яъти билҳасанаати иллаа анта ва лаа ядфаъус-саййиаати иллаа анта. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа бика», десин», дедилар».

Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Шарҳ: Дуонинг маъноси қуйидагича:

«Яхшиликларни Сендан ўзга келтирмас. Ёмонликларни Сендан ўзга даф қилмас. Сендан ўзгада куч ҳам йўқ, қувват ҳам йўқ».

Демак, мусулмон инсон ҳеч қачон бирор нарсадан шумланмаслиги лозим. Доимо ҳамма нарсани яхши фолга йўйишга ҳаракат қилиши керак. Мабодо бирор нарсадан шумланиб қолса ҳам, ўша шумланиш мусулмонни у нарсадан қайтармаслиги лозим. Аллоҳ таолога таваккул қилиб, ушбу ривоятдаги дуони ўқиб, ўзи шумланган ишни қилавериш керак. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан )

 Валлоҳу аълам!