Турмуш қуришда ёшдаги фарқ

10:58 / 02.12.2020 | Elza | 798

Ассалому алайкум! Ёшим 20 да. Ўзимдан 18 ёш катта инсонни яхши кўриб қолганман. Муносабатимзга 2 йилдан ошди. У ҳам мени яхши кўради. Онамнинг муносабатимиздан хабарлари бор ва ўзлари ҳам у инсонни танийдилар, кўрганлар, суҳбат қилганлар. Нияти холис эканлигини биладилар. Яқинда отамларга ҳам билдирдик. У совчиларини юборди. Лекин отам ёшини ўйлаб норози бўлгандек бўлдилар. "Менга вакт керак, ҳали бир нима дейишим қийин", деб айтдилар. Лекин мен у инсондан бошқасига ўз ҳаётимни ишониб топширгим келмайди. Бир-биримизни бир бутундек ҳис қиламиз, орада муҳаббат бор. Маслаҳат беринг, агар рад жавобини берсалар қандай йул тутай? Ўзлари алоҳида ҳам суҳбат қилишди, "ёмон инсон эмас экан", деб ҳам айтдилар. Биргина муаммо, ёши катталиги бўлиб турибди, афсус. 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Инсон кўнглига севги дардини киргиздими, албатта осонлик бўлмайди. Сизники каби қийин шароит пайдо бўлади. Негаки, номаҳрам билан муносабат қилиш динимизда ножоиз иш. Истиғфорни кўпроқ айтиб юринг. Сиз ҳозирда у инсонни идеализация қилаяпсиз. Эҳтимол ҳақиқатдан ҳам яхши инсондир. 10 йил таниб юрса ҳам бир уйда яшагандагина эр-хотин бир-бирини бошқатдан кашф қиладилар. Отангизга ёқмаган томони албатта бор. Агар у инсон ҳар томонлама соғлом бўлса ёшингиздаги фарқнинг аҳамияти йўқ. Бироз вақт ўтгандан кейингина ўзингизга билинади холос. Агар ўшанда ҳам меҳр-мухаббатингиз ҳозиргидек бўлиб турса, ўзгармасангиз у ҳолда у инсоннинг ёши туфайли характеридаги ўзгаришларига унча эътибор қилмаслигингиз ҳам мумкин. Ўзингизга чиройли бахт сўраб дуода бўлинг. Валлоҳу аълам!