Жума намозига бориш

02:35 / 27.12.2020 | ۞ أبو بكر ۞ | 1362

Ассалому алайкум! Эрим 26 ёшда, ота-онасидан ажралиб чиқмаганмиз. Шунинг учун жума намозига отасидан сўраб бориш керакми? Бир марта бориб кейингисида боролмаса, боришга имкон бўлмаса бориб бўлмайдими?

«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Жума намоз фарз. У учун отасининг изни шарт эмас. Валлоҳу аълам!

ЖУМАНИНГ ФАРЗЛИГИ ҲАҚИДА

Аллоҳ жалла шаънуҳу Жумуъа сурасида:

«Эй иймон келтирганлар! Жума кунидаги намозга чорланган пайтда Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг. Агар билсангиз, ана шу ўзингиз учун яхшидир», деган (9-оят). 

Ушбу ояти карима жума намозининг фарзлигини баён қилувчи оятдир. Бунга Ислом умматидан ҳеч ким хилоф қилмайди.

عَنْ أَبِي الْجَعْدِ الضَّمْرِيِّ ، عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: «مَنْ تَرَكَ ثَلَاثَ جُمَعٍ تَهَاوُنًا بِهَا طَبَعَ اللهُ عَلَى قَلْبِهِ». رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ وَالْحَاكِمُ.

Абу Жаъд аз-Зомрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким писанд қилмай уч жумани тарк этса, Аллоҳ унинг қалбига муҳр босади», дедилар».

«Сунан» эгалари ва Ҳоким ривоят қилишган.

Энди «Мухтасари Виқоя»да бу ҳақда келган матнларни шарҳлашга ўтайлик.

Жуманинг фарз бўлиши учун шартлар:

Бошқа намозларда бўлган шарт, рукн ва суннату одобларнинг барчаси жума намозида ҳам бор.

Шу билан бирга, фақат жума намозининг ўзигагина хос шартлар ҳам бор. Бу ерда ўшалар ҳақида сўз боради.

Жума намози фарз бўлиши учун унинг ташқарисида мавжуд бўлиши лозим шартлар бор. Улар «жума­нинг фарз бўлиши шартлари» деб аталади. Ушбу шартлар қуйидагилар:

1. Мисрда яшаш.

«Миср» – энг катта масжидига ўзининг аҳолиси сиғмайдиган аҳоли яшайдиган жой. Бу каби истиқомат масканлари авваллари «шаҳар» дейилган. Аммо ҳозирги кичикроқ қишлоқлар ҳам аввалги шаҳарлардан катта бўлиб кетган. Мазкур иборадаги «аҳоли»дан мурод жума намози ўқиши фарз бўлган аҳолидир.

Демак, қай бир аҳоли яшайдиган жой бўлса-ю, унинг энг катта масжидига жума ўқиши фарз бўлган одамлари сиғмаса, ўша ер «миср» бўлади ва унда жуманинг фарз бўлиш шартларидан бир шарт вужудга келган бўлади.

Миср бўла олмаган аҳоли яшаш жойларининг аҳолисига жума фарз бўлмайди.

Шунингдек, яшаш жойидан сафарга чиққан одамга ҳам жума фарз бўлмайди. Агар мусофир бир жойда ўн беш кун ёки ундан ортиқ яшашни ният қилса, мусофирлиги қолмайди ва жума ўқиши фарз бўлади.

Жума куни пешин вақти киришидан олдин шаҳарнинг иморатларидан айрилиб чиққан одам сафар қилса, унга жума фарз бўлмайди, яъни заволдан олдин сафар қилиш кароҳиятсиз жоиздир.

2. Соғлик.

Бемор одам жумага бориши оғир бўлганидан, у афв этилган.

3. Ҳурлик.

Бу қадимги замоннинг шарти. Ўша вақтларда қуллар бўлган. Улар хожаларининг мулки бўлгани ва улар берган топшириқларни бажаришлари лозим бўлгани учун, жумага боришдан афв қилинганлар. Аммо ҳур кишиларнинг эрки ўзида бўлгани учун жумага боришлари фарз бўлган.

4. Эркаклик.

Аёл кишиларнинг уй юмушлари кўп бўлгани учун, болаларга қарашлари керак бўлгани учун, уларга енгиллик яратиш мақсадида жумадан озод қилинганлар. Эркаклар эса бу юмушлардан озод бўлганлари ва бошқа масъулиятларини адо этишларига эҳтиёжлари борлиги учун жумага боришлари фарз қилинган.

5. Балоғатга етганлик.

Балоғатга етганлик барча шаръий таклифларда асосий шартлардан бири бўлгани каби, жуманинг фарз бўлиши учун ҳам асосий шартлардан биридир. Балоғатга етмаган болаларга жума ўқиш фарз эмас.

6. Кўз ва оёқнинг саломат бўлиши.

Кўзи тамоман кўрмайдиган шахсларнинг етакловчиси бўлса ҳам, жума фарз бўлмайди.

Ўзи юра олмайдиган даражада оёғи нуқсонли бўлган кишиларга ҳам жума фарз бўлмайди.

Аллоҳ таоло «Ва сизга бу динда ҳеч қандай танглик қилмади», деган. Динда танглик қилмаслик Исломнинг осонлик дини эканлигининг асосидир.

Исломда танглик йўқлиги ҳақида гап кетганда инсонга тоқатидан ташқари нарсани амр қилмаслик англанади. Инсон ўзининг дангасалиги сабабли хоҳламаган нарса танглик ҳисобланмайди.

Аллоҳ таоло жума намозини фарз қилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жума намозини тарк қилганларга қаттиқ таҳдид маъносидаги ҳадисларни айтдилар. Лекин, шу билан бирга, узрли кишилардан жума намозининг фарзлиги соқит бўлади.

(“Кифоя” китобидан )