Ассалому алайкум! Намозда саждага боришдан олдин кўпчилик қўлларининг кафтларини юқорига қилиб ва бошларини ҳам бир бора юқорига кўтаришиб, кейин сажда ҳолатига боришади. Лекин шу ҳолатни қилаётган инсонлардан сўрасам бу ҳолатни тушунтириб бериша олмайди ва буни устоз айтган деб қўйишади. Намоз китобларида ҳам бу ҳолат ёзилмаган. Аммо мен Имом Жаъфар Барзанжининг "Мавлид ун-Набий" китобининг 57-ва 62- саҳифаларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд вақтларида муборак икки қўлларининг орқа томонини ер устига қўйиб, кафтларини осмон жонибига қилиб, муборак ва азиз бошларини Арши аъло тарафига кўтариб, андак фурсатдан сўнг сажда мақомига бориб, жаноб Ҳак таоло ва такаддаса даргоҳига тазарруъ ва илтижода уммат гуноҳини тилаб дуо билан турганлари ёзилган. Шундан сўнг ўзим тушундимки, бу суннат амал. Намозда шундай қилиш жоизми ёки бошқа мазҳабга таалуқлими?
– Ва алайкум ассалом! Намозда бундай амал йўқ. Саждага боришда қўл кўтарилмайди, рукуъдан туришда кўтарилади ва бу бошқа мазҳабда бор. Аммо бошни қимирлатиш йўқ. Бунинг сиз айтган мавлиддаги гапларга алоқаси йўқ. Валлоҳу аълам!