Блоггерлик қилиб пул топиш

16:09 / 26.12.2020 | ... | 507
Ассалому алайкум, Одинахон устоз! Мен ижтимоий тармоқларда ва сайтларда блоггерлик қилиб пул ишламоқчи эдим. Пазандалик каналимни очганман, ҳозирча ҳеч нарса жойлаштирмаганман. Мен бошқаларнинг ретсептларини улардан кўчириб, аммо таом ва ширинликларни ўзим тайёрлаб, видеоларни ҳам ўзим қилиб (фақатқина ретсептини кўчираман) каналимни юргизсам жоизми? Яъни топган пулим ҳалол бўладими? Ундан ташқари, сайт ҳам очмоқчи эдим. Унга турли хил илмий мавзулардаги ҳар хил мақолаларни жойлаштирмоқчиман. У қадар илмли эмасман. Бошқалардан кўчириб сайтимни юргизишим жоизми? (Албатта, шундайлигича кўчириб олмайман; ўзим ҳам турли жойлардан маълумотлар тўплашга ҳаракат қиламан, Ин ша Аллоҳ) Уларнинг розлигини сўрашим зарурлигини биламан, аммо улардан қандай розилик оламан? Уларнинг ҳаммаси билан ҳам боғланиб бўлмайди ва уни қандай қилишни ҳам билмасам керак. Айниқса, бунга ота-онам рухсат бермайдилар ва ўзим ҳам танимаган, билмаган ҳар хил одам билан гаплашишни хоҳламайман. "Ахир улар одамлар фойдаланиши учун; ҳамма одамлар уларни кўришини билиб туриб канал ва сайтларига жойлаганлар-ку" - деб ўйлаб қолдим... Шунинг учун улардан розилигини сўрамасдан, уларнинг нарсаларидан фойдалансам, топган пулим ҳалол бўладими ва бундай қилишим жоизми? Жавобингиз учун олдиндан катта раҳмат. Аллоҳ рози бўлсин!
Одинахон Муҳаммад Юсуф:

– Ва алайкум ассалом! Имкон бўлса, рухсатини оласиз, бўлмаса муаллифини кўрсатасиз. Пулни қилган хизматингизчалик олинг, яъни бир ерда жойлаганингиз, кетказган меҳнатингиз учун, ортиғини эмас. Валлоҳу аълам!