Ассалому алайкум! Турмуш қурганимга 10 йил бўлади. 3 та фарзандим бор. Эрим жуда ҳам кўп аёллар билан юрадилар. "Эркак киши", деб кўз юмдим. Ҳозир биттаси билан никоҳ ўқитиб олганлар. "Майли, тақдиримда боракан", деб болаларим учун чидаяпман, фақат мен билан умуман ишлари йўқ. Кечқурун уйга келмайдилар. "Мен кира қиляпман", деб юрадилар. Мен уйда эримнинг акалари билан қоламан. У одам битта ички кийимда юрадилар, уят йўқ. Ҳозир касал холамга қараб уларни уйларидаман. Уйимга бориш, бормасликни билмаяпман. Кейин менга "ундай яшамасдан ажрашгин, ўзингга зулм қиляпсан", деб айтишди. Шунга сабр қилайми, ёки ажрашайми билмаяпман.
– Ва алайкум ассалом! Инсон шариатга мувофиқ яшаши керак. Шариатда эркак киши никоҳида бўлмаган аёлнинг олдида бундай юриши ножоиз ишку. Агар болаларингизни шу муҳитда тарбияласангиз уларнинг тарбиясига путур етади. Ўзингиз бир қарорга келишингиз керак. Агар ажрашиш ниятида бўлсангиз, турмуш ўртоғингизга ўзингизнинг шаръан ҳақ-ҳуқуқингизни талаб қилиб кўринг. Эҳтимол, тушунча ҳосил бўлиб ўзини ислоҳ қилиб қолар. Бунинг учун албатта ўзингиз ҳам ҳақ-ҳуқуқингизни ўрганиб чиқишингиз ва унга амал қилиб яшашингиз керак. Валлоҳу аълам!