Ўғил бола тарбияси

06:32 / 19.12.2020 | Ярим бахт | 623

Ассалому алайкум! Бир нафар ўғлим бор, 11 ёшда. 9 ойлик эканлигида ажрашганман. Шундан бери менинг тарбиямда. Ҳозирда ота-бола бир-бирини танимайдилар. Отаси умуман ўғлидан хабар ҳам олмайди. Ўғлим мен билан бирга намозини адо этади, лекин баъзида сумкамдан менга айтмай пул олади. Яхши гап билан ҳам, уриб ҳам йўқота олмаяпман. "Тавба қилдим, бошқа қилмайман", дейди. Лекин яна такрорланяпти. Қандай йўл тутсам бўлади?

Педагог:

– Ва алайкум ассалом! Фарзандингизнинг атрофидаги дўстлари билан танишинг. Синф раҳбари, энг яхши кўрган устози билан доимий алоқада бўлиб туринг. Ўғлингизнинг пулга эҳтиёжини сўранг. Вақти билан ишлатишига пул бериб, уни нимага сарфлаганини гап орасида билишга ҳаракат қилинг. Яхши кўрган спорт тўгарагига беринг. Бўш вақтдан унумли фойдаланишга одатлантиринг. Бу ёшда болалар тренерининг айтганларидан чиқмасликка ҳаракат қиладилар. Мусобақаларда қатнашиб, руҳияти кўтарилади. Телефон, интернетдан фойдаланишни маълум вақт чегаралаб қўйинг. Она-бола дўстларча муомалада бўлинг. Қилган айбини юзига солманг. Ҳалол ризқ билан боқинг. Намозларингизда, айниқса, таҳажжудда дуо қилиб сўранг. "Ёлғизнинг ёри - ХУДО", деганларидек, СИЗГA AЛЛОҲИМНИНГ ЎЗИ МAДAДКОР БЎЛСИН! Валлоҳу аълам!