Маслаҳат беринг

01:47 / 20.12.2020 | МАХСУДА | 656

Ассалому алайкум! Менинг 3 ёш қизимда майда қора туклар кўпайиб кетмоқда. Ҳатто юзларида, танасида ҳам жуда кўп. Туғилганида туклари кам эди. Уни қандай шифокорга кўрсатиб, қандай муолажа қилса бўлади?

Шифокор:

– Ва алайкум ассалом! Гипертрихоз [гипер… ва юн. thrichos – соч], баданни ортиқча жун босиши, сертуклик – эндокрин безлар фаолиятининг бузилиши натижасида баданни қалин тук (жун) қоплаши ёки мутлақо тук бўлмайдиган жойлардан тук чиқишидир. Туғма ва орттирилган гипертрихоз бўлади, боланинг кафти, товони, оёқ-қўл бармоқларининг ички томонидан ташқари, баданнинг ҳамма қисми майин, узун, нозик тук билан қопланади. Туклар бир жойда (маҳаллий, масалан, юзда) ёки баданнинг ҳамма қисмида (тарқоқ) учраши мумкин. Ички секреция безлари фаолиятининг бузилиши, шунингдек, иссиқ, механик ва кимёвий таъсиротлар натижасида баданнинг маълум бир жойида туклар кўп ўсади. Бутун баданнинг сертуклиги, табиатан киши конституциясига (масалан, жанубдаги баъзи халқлар сертук бўлиши) ҳам боғлиқ. Устки лаб, лунжлар, баъзан энгак ва бўйнида дағал тук (соқол-мўйлов) ўсиши мумкин (гирсутизм), баъзан балоғатга етиш ёки климактерия даврида ҳам кузатилади. Гипертрихоз яққол намоён бўлиб, киши ҳуснини бузса, косметолог-шифокорга кўриниш, агар унга бирор касаллик сабаб бўлса, вақтида даволатиш зарур. Қизингизда бу ҳолатнинг кузатилиши ўсиш гормони ҳисобига ҳам бўлаётган бўлиши мумкин. Агар ўсиш суръати тезлашса ўсиш гормони таъсирида тукларнинг кўпайиши ва ўсиши кучаяди. Бу ҳолат ўткинчи ҳисобланади, вақт ўтиб тукланиш камаяди. Шунингдек, бола организмида эркаклик гормонларининг кўпайиши ёки гормонал препаратлар таъсири оқибати ва буйрак усти бези функциясидаги патология ҳам ортиқча туклар кўп ўсишига сабаб бўлади. Шу сабабли қизингизни педиатр ва болалар эндокринологи кўригига олиб чиқишни тавсия қиламан. Валлоҳу аълам!