Ассалому алайкум! Мен 16 ёшдаман, қулоғим 4 ойдан буён шанғиллайди. Лорга бордим, борат кислотасини қулоғимга қуйиб юришни айтди. Лекин фойдаси бўлмади. Яна бордим, "қулоғингизда муаммо йўқ", деди. Қулоғим шанғиллаши борган сари кўпаймоқда. Менга нима маслаҳат берасиз?
– Ва алайкум ассалом! Сиздаги ҳолат тиннитус деб аталади. Тиннитус қуйидаги касалликлар оқибатида юзага келиши мумкин : учламчи шоҳли нерв шамоллаши, юз нервининг шамоллаши, бош ички босимининг ошиши, юрак қон-томир касалликлари, қандли диабет, қалқонсимон без касалликлари, чакка -пастки жағ патологияси касаллиги, бош мия ҳосиласи, қулоқ невриномаси ва ҳ.к. Агар ЛОР сизга шанғиллаш қулоқ билан боғлиқ эмаслигини айтган бўлса, сиз Шаҳар Диагностика Марказига боринг ва у ерда бир неча мутахассислар кўригидан ўтинг. Жумладан, невропатолог ва эндокринологдан. Чунки бу ёшга бунақа ҳолат хос эмас. Одатда бундай ҳолат ёши катта қарияларда бош мия атеросклерозида, қон айланиши бузилганда кузатилар эди. Шу сабабли вақтни йўқотмай, поликлиникангиздаги оилавий шифокорингизга учрашиб, Шаҳар Диагностика Марказига ёки Ўсмирлар Диагностика Марказига йўлланма ёздириб, паспорт ёки метрикангиз билан у ерга маслаҳатга боринг. Инша Аллоҳ, врачлар консилиумида ташхисингизга ойдинлик киритилиб, дардингизга шифо топилади. Аллоҳ шифо берсин, синглим. Валлоҳу аълам!