Маслаҳат берсангиз

06:23 / 25.12.2020 | Жасмина | 609

Ассалому алайкум! Менинг ҳар бир майда нарсаларга ҳам асабим бузилади, ичимдан ғазабланаман, лекин ғазабимни ичимга ютишга, одамларга кўрсатмасликка ҳаракат қиламан. Иложи борича Аллоҳни зикр қилишга, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга саловат айтишга ҳаракат қиламан, Аллоҳдан қалбимни кенг қилишини сўрайман. Лекин фойда бермайди. Шу характерим ўзимга ёқмайди, нима қилишга ҳайронман. Илтимос, менга маслаҳат берсангиз. 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Мусулмон инсоннинг бошқа дин вакилларидан фарқи, унинг Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг даъватларига, айтган сўзларига итоат қилиши ва у зотга эргашиб, у зотдангина ибрат олиб, ҳусни-ҳулқи ва одоби бўйича барча инсонлардан фарқланиб, ўзини ҳар қадамда ислоҳ қилиб яшашидир.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Бундан ташқари, сизга ёқмаган инсонларга сабр кўрсатишингиз, бу дунёингиз ва охиратингиз учун жуда манфаатлидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмонга қай бир мусибат: ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки, тикан киришими, етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилур», дедилар». Икки шайх ривоят қилганлар.
Кўпроқ пиёда юришингиз хотирангизда йиғилиб қолган ёқимсиз таассуротлар, негатив ҳаёлларингизнинг ўчирилишига олиб келади. Албатта уйқуингизнинг сифатли бўлиши ва озуқавий моддаларга тўйинган озиқ-овқатларни истеъмол қилишга эътибор қилишингиз керак. Ғазаб жигар аъзосининг эмоцияси. Шунинг учун кечқурун вақтлироқ ухлашга ётиб, вақтлироқ уйғонишга эътибор қаратишингиз керак. Шунда жигарнинг фаолияти яхшилана боради. Валлоҳу аълам!