Ассалому алайкум! Ёшим 14 да. Алҳамдулиллаҳ, ибодатларни Аллоҳ қодир қилганча қиламан. Ҳеч бирида қийналмасам ҳам, икки йиллик қазо намозларим бор, уларни ҳеч кўнглимдагидек бажара олмайман. Энди ўқийман десам, чарчаб қоламан ёки қандайдир ишим чиқиб қолади. Ҳар куни намозларимдан кейин оз-оздан ўқимоқчи бўламан, лекин қаттиқ чарчаб қоламан. Бошқа вақтда эса умуман рағбат тополмайман. Ҳеч бир ибодатда ундай қилмайман, ҳаттоки кунлик фарз намозларда ҳам ундай бўлмайди. Ёки менга қандайдир витамин етишмайдими, билмайман. Бу ҳолатдан қандай халос бўлишим мумкин?
– Ва алайкум ассалом! Дангасалик – бу муваффақиятсизликнинг боши. Айнан шунинг учун Ислом дангасаликдан огоҳ қилади. Аввалги пайғамбарлар ҳам худди шу тарзда инсонларни дангасалик ва бекорчилик келтирадиган зиён-зарарлардан огоҳлантиришган. Муваффақиятнинг боши ва асосий шарти бўлган меҳнатсеварлик мўмин бандани бошқалардан ажратиб турувчи сифат бўлиб, у дангасаликнинг аксидир. Айнан шу сабабли барча пайғамбарлар астойдил ҳаракат билан меҳнат қилишга даъват этганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳдан дангасаликдан паноҳ сўраб қуйидаги дуони ўқиганлар
اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنَ الْعَجْزِ وَالْكَسَلِ، وَالْجُبْنِ وَالْهَرَمِ والْبُخْلِ، وَأَعُوذُ بِكَ مِنْ عَذَابِ الْقَبْرِ، وَمِنْ فِتْنَةِ الْمَحْيَا َوالْمَمَاتِ
(маъноси): «Ё Аллоҳ, Сенинг номинг билан ожизликдан, дангасаликдан, қўрқоқликдан, мункиллаб қария бўлишдан, бахилликдан, қабр азобидан, тириклик ва ўлим фитнасидан паноҳ тилайман»
Ушбу дуони ўқиб юришни ўзингизга одат қилиб олинг. Қазоларни ўқиш шарт, буни қарз сифатида чин қалбдан ҳис қилсангиз, ундан малолланмайсиз. Агар сизда бирон касаллик бўлганида, бу ҳолат фарз намозларинигизни адо қилишингизда ҳам намоён бўларди. Кўпроқ истиғфор айтиб, дуода бардавом бўлишни тавсия қиламан. Валлоҳу аълам!